Free ebooks Library zlibrary project

Хабарингиз бор, айни вақтда коронавирус пандемияси сабаб деярли бутун дунёда футбол учрашувлари вақтинча тўхтатилган. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам футбол мавсуми карантин сабаб вақтинча танаффусга чиққан.

Лекин бу футболчилар кундалик машғулотларни тўхтатганини англатмайди. Турли ёшдаги терма жамоаларимизга номзод футболчиларнинг барчаси карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда уй шароитида машғулотлар ўтказиб боришмоқда.

Ушбу жараённи Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар бўлими вакиллари, шунингдек терма жамоаларимиз мураббийлар штаби мунтазам назорат қилиб бормоқда.

Ўтган ҳафта ЎФA Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов барча ёшдаги терма жамоаларимиз бош мураббийлари билан видеомулоқот ўтказиб, унда коронавирус сабаб юзага келган айни танаффус, унинг терма жамоалар тақвим режасига кўрсатадиган таъсири, қолаверса ушбу вақт оралиғида терма жамоаларга номзод футболчиларнинг спорт формасини барқарор тарзда ушлаш борасида амалга оширилаётган ишлар каби масалалар батафсил муҳокама этилган эди.

Бугун ЎФA раҳбарияти, терма жамоалар бўлими вакиллари, U-16 ҳамда U-19 терма жамоаларимиз устозлари ушбу ёшдаги терма жамоа аъзолари билан видеомулоқот орқали боғланиб, уларнинг уй шароитидаги машғулот жараёнини бевосита кузатиб боришди. Илиқ руҳда ўтган мулоқот жараёнида футболчилар мураббийлар штаби томонидан ишлаб чиқилган уйда бажариш лозим бўлган машғулотлар мажмуасини мунтазам бажариб боришаётганини, бу орқали спорт формасини имкон даражасида яхши ушлашга интилишаётганини, қолаверса карантин даврида уйда вақтни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилишаётгани таъкидлаб ўтишди.