Free ebooks Library zlibrary project

Фарғона шаҳрида ўтган “Нефтчи” (Фарғона) ва “Турон” (Яйпан) клублари ўртасидаги Про лиганинг 20-тур ўйинида футболга хос бўлмаган ҳолатлар содир бўлди.

“Истиқлол” стадионида ўтган мазкур баҳснинг якунида ўйин ҳакамларига нисбатан қўпол ва тажовузкор муносабатда бўлиб, уларга тан жароҳати етказилди.

ЎФA мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Ички ишлар вазирлиги, “Нефтчи” – “Турон” учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувда юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари олиб борди.

Ҳар бир ҳолат бўйича суриштирув ишлари якунига етгач барча керакли маълумотлар, шунингдек, ўйин қайдномаси, учрашув назоратчиси ва комиссарининг билдиргилари, оммавий тартибчизлик акс этган видеоматериаллар ЎФA Тартиб-интизом қўмитасига тақдим этилди.

“Нефтчи” – “Турон” учрашувидан сўнг вужудга келган тартибсизликни кўриб чиқиш ва айбдорларга чора кўриш масаласи Тартиб-интизом қўмитасининг йиғилишида атрофлича муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Унга кўра, “Нефтчи” клуби футболчиси Ж.Л.Тўрақулов учрашув бош ҳаками Ш.Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга нисбатан ЎФA Интизом кодексининг 5.6 ва 5.49-бандларига асосан 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чораси қўлланди.

“Нефтчи” клуби футболчилари Ш.Б.Aбдураимов, С.М.Зокиров ва Ж.Қ.Қобулов учрашув бош ҳаками Ш.Насибуллаевга ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири ЎФA Интизом кодексининг 5.48-бандига асосан 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди.

“Нефтчи” клуби футболчиси Д.Ф.Тошматов учрашув ёрдамчи ҳаками Д.Сайлавовга нисбатан тажавузкор ҳаракат қилганлиги учун Интизом кодексининг 5.49-бандига асосан 10 та расмий учрашувга дисквалификация қилинди.

Учрашув якунлангандан сўнг мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, “Нефтчи” футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун “Нефтчи” футбол клубига нисбатан Интизом кодексининг 5.4-бандига асосан 3 та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланди.

Учрашувдан сўнг стадионга ташриф буюрган томошабинлар томонидан футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқарилиши ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда “Истиқлол” стадиони маъмуриятига чора кўриш бўйича Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига тақдимнома юборилди.