Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг мажлислар залида МОҚнинг навбатдан ташқари XXXVIII Бош Aссамблеясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Кун тартибидаги асосий масала Миллий олимпия қўмитаси биринчи ўринбосарлигига янги номзод сайлашдан иборат эди.

МОҚ раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида самарали ишлаган, Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб бораётган Равшан Сайфуддинович Эрматов номзоди илгари сурилди.

Тадбир иштирокчилари бир овоздан таклиф этилган номзодни қўллаб-қувватлашди ва Равшан Эрматов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.

Ўз навбатида Равшан Эрматов билдирилган ишонч ва эътиборни оқлашга ваъда берди.

“Менга мана шундай юксак ишонч билдирилгани учун муҳтарам Президентимиз ва МОҚ жамоасига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Шу пайтгача бошқа ташкилотда бўлса ҳам ягона мақсад йўлида биргаликда фаолият олиб бораётган эдик. Бундан кейин ҳам ўз мақсадларимизни амалга оширишда ҳамкорликда ишлашимиздан хурсандман. Токио Олимпиадаси яқинлашиб борар экан, пулсимиз ҳаяжондан кўпроқ ура бошлаётганини ҳис қиляпмиз. Ишонаманки, Олимпиадада биз бир жамоа бўлиб, олдимизга қўйилган вазифани бажарамиз ва халқимиз, ҳукуматимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади”, – деди Равшан Эрматов.