Free ebooks Library zlibrary project

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Киев шаҳридаги халқаро хотира турнирида иштирок этиши ҳақида хабар бергандик. «ЖАР» мажмуасида ўтказилган сўнгги назорат ўйинига ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ташриф буюриб, ёш футболчилар билан учрашди ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Сервер Жепаров бошчилигидаги мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва имкониятлари хусусида суҳбат қурди ва керакли кўрсатмалар берди. Ушбу авлод кейинчалик 2028 йилги Олимпиадага бориши мумкинлиги сабабли ЎФА томонидан ҳозирдан тайёргарлик жараёнларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Равшан Эрматов эртага Украина пойтахтига йўл оладиган ўсмирлар терма жамоамизга омад тилаб, халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиш муҳим эканлигини таъкидлади.

«Сизда келажакда Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланиш имкони бор. Ана шу орзуга етишиш учун ҳозирдан ўз олдингизга юқори мақсад қўйишингиз керак. Бунга ирода, сабр, интизом каби хислатларни намойиш этиб, энг муҳими, тинмай меҳнат қилган ҳолда эришиш мумкин», дея таъкидлади Эрматов.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон У16 терма жамоаси 25-30 август кунлари Киев шаҳрида ташкил этиладиган халқаро турнирда Туркия, Словакия ва Грузия ўсмирлари билан «Б» гуруҳдан жой олишди. «А» гуруҳида эса Болгария, Беларус, Украина ва Арманистон жамоалари баҳс олиб боришади.