Free ebooks Library zlibrary project

“СКA-Хабаровск” футбол клуби бош мураббийи, собиқ футболчи Сергей Юраннинг “Матч Премьер” телеканалига берган интервюсида Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоси Остон Ўрунов ҳақида фикрлари муҳокамаларга сабаб ўлди. Ўз навбатида унинг Ўруновнинг ёши 4-5 йилга катта эканлиги ҳақидаги сўзлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда бутун ўзбек футболи жамоатчилигини ҳайрон қолдирди.

Остон Ўрунов Ўзбекистоннинг ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва Миллий терма жамоалари сафида халқаро миқёсдаги учрашувларда майдонга тушиб келмоқда. Қитъада ёш кичрайтириш билан боғлиқ муаммоларни олдини олиш учун Осиё футбол конфедерацияси томонидан қўйилган талабга мувофиқ Ўрунов бир неча бор Магнит-резонанс томографиясидан (МРТ) ўтказилган. Таҳлил хулосасига кўра футболчининг ОФК таснифига кирувчи мусобақаларда иштирок этишига рухсат берилган.

Сергей Николаевич, шубҳасиз, ҳақиқатдан бехабар ва ўзбек футболидаги ҳозирги вазият тўғрисида умуман тасаввурга эга эмас. Нафақат Ўзбекистон футбол ассоциацияси, балки Ўзбекистон ҳукумати ҳам футболчиларнинг ёш кичрайтириш билан боғлиқ муаммоларга қарши курашишда барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Истисносиз барча футболчиларнинг ҳужжатлари, уларнинг ёшлигидан бошлаб, шу жумладан Республиканинг ваколатли органлари томонидан ўрганилади ва текшириб борилади.

Остон Ўрунов нафақат мамлакатимиз, балки бутун Осиёдаги иқтидорли ва истиқболли футболчилардан бир ҳисобланади. Футболчига нафақат Россиянинг, балки Европанинг бошқа мамлакатларидаги қизиқиш катта. Ишончимиз комилки, агар Ўруновнинг ёши кичик қилиб кўрсатилган ёки Сергей Юран фикр билдирганидек “ҳамма бу ҳақда билган” бўлса, чет элда мазкур футболчига бундай фаол қизиқиш бўлмаган бўлар эди.

Юраннинг ўйламай айтган сўзлари Остон Ўруновнинг обрўсига путур этказади ҳамда бутун Ўзбекистон ва Осиёдаги футболчиларни тайёрлаш тизимига соя солади. Собиқ футболчи Сергей Юран унинг сўзлари туфайли футболчига қандай маънавий зарарни етказиб қўйганини англолмаса ҳам керак. Кўринишидан одоб-ахлоқ, тўғрисўзлик ва ўзи каби футболчилар билан бирдамлик тушунчалари Юран учун бегонага ўхшайди.

Биз Сергей Юраннинг баёнотини асоссиз ва масъулияцизлик деб ҳисоблаймиз ҳамда Остон Ўруновнинг ёши бўйича айтган айбловлари учун дарҳол аниқ далил-исбот келтиришини талаб қиламиз. Бундан ташқари ушбу мутахассис Остон Ўрунов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда бутун ўзбек футболи жамоатчилигидан расмий равишда узр сўрашини талаб қиламиз.

Шунингдек, Россия футбол иттифоқи (РФС) Этика қўмитасини ушбу ҳолатни синчковлик билан ўрганишга ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Остон Ўруновга, ўз навбатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси обрўсига путур етказадиган айблов билан чиқиш қилган Сергей Юранга чора кўришга чақирамиз.