U19 Ўзбекистон терма жамоаси октябрь ойида юртимизда ўтадиган Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Тайёргарлик дастурига кўра, Тимур Кападзе бошчилигидаги терма жамоамиз учун 1-10 сентябрь кунлари Тожикистонда ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади.
Ёшларимизнинг Хўжанд шаҳрида ўтадиган мазкур йиғини доирасида иккита назорат учрашуви режалаштирилган.
Мураббийлар Денис Коростиченко, Сергей Чигодаев ҳамда Тимур Ғаниев Тимур Кападзега кўмаклашиб боради.
Терма жамоа аъзолари 31 август куни Тошкентдаги «Чиғатой» базасига йиғилади ва тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик натижаларига кўра йиғинда иштирок этадиган 25 футболчидан иборат таркиб бўйича якуний қарор қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U19 Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон ёшлари Индонезия, Камбоджа ва Эрон вакиллари билан биргаликда А гуруҳидан жой олган.