Хабарингиз бор, 19-23 ноябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида САФА У-15 турнири ўтказилади. Мазкур мусобақага тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда йиғин ўтказмоқда.
Бугун Чиғатой баъзасида ўтказилган назарий машғулотига ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ташриф буюрди.
Сервер Жепаров бошчилигидаги мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва имкониятлари хусусида суҳбатлашилди. Ҳар кунлик тайёргарликка замонавий ёндашиш, янги технологияларни жалб этиш, спорт тиббиёти, витаминизация ва тикланиш жараёнига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур жамоа 2028 йилда Лос-Анжеласда бўлиб ўтадиган Олимпиадага мақсадли ва тизимли тайёргарлик олиб бориши, кейинги йилги Осиё чемпионати саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этиб, турнирнинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритиши,шунингдек, 2023 йил ўтказиладиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиши мақсад қилнган.
Равшан Эрматов футболчилар билан суҳбатда келажакда миллий терма жамоа сафида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, спортимиз фахри бўлишига тилак билдирди. Бу йўлда аҳиллик, майдонда ва ундан ташқарида бир жамоа бўлиш, терма жамоа сафида «мен» эмас, балки «биз» деган сўз устувор бўлиши зарурлигини эътироф этди.
“Сизда келажакда Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланиш имкони бор. Ана шу орзуга етишиш учун ҳозирдан ўз олдингизга юқори мақсад қўйишингиз керак. Бунга ирода, сабр, интизом каби хислатларни намойиш этиб, энг муҳими, тинмай меҳнат қилган ҳолда эришиш мумкин”, дея таъкидлади Эрматов.
Эслатиб ўтамиз, вакилларимиз САФА-15 турнирида иштирок этиш учун эртага Душанбе шаҳрига жўнаб кетишади. Сервер Жепаров шогирдларининг дастлабки ўйини 19 ноябрь куни Эронга қарши ўтказилади.