Free ebooks Library zlibrary project

Бугун Таиланд яшил майдонларида футбол бўйича 23 ёшгача ўйинчилар ўртасида Осиё чемпионати старт олади.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мусобақанинг “C” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, илк ўйинини эртага Эронга қарши ўтказади.

Бугун эса “Тинсуланон” стадиони анжуманлар залида терма жамоалар устозлари иштирокида ўйинолди матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси устози Любинко Друлович қуйидагича фикр билдирди:

– Олдинда бизни қизиқарли, лекин шу билан биргаликда қийин ўтадиган мусобақа кутиб турибди. Гуруҳимиздан ўрин олган барча жамоалар кучли. Айни пайтда барчада имконият бир хил. Ҳар бир жамоа гуруҳдан кейинги босқичга чиқиши мумкин. Биз мусобақага яхши ҳозирлик олиб бордик. Олдинда бизни Эрон билан учрашув кутиб турибди. Шу ўйинни фойдамизга ҳал этгач, кейин қолган баҳсларга эътибор қаратмиз.

Таркибга энг муносиб деб билган футболчиларни жалб этганмиз. Насиб этса, барча мухлисларни ғалабалар билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз, – деди тажрибали мутахассис.

Ўз навбатида Эрон терма жамоаси устоз Ҳамид Эстили қуйидагича фикр билдирди:

– Мусобақа олдидан барча иштирокчиларга омад тилайман. Ҳар бир ўйин шиддатли ўтиши тайин. Гуруҳимиздан жуда кучли жамоалар ўрин олишган.  Биласизми, 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги мусобақалар негадир ФИФА кунларидан бошқа саналарда ўтказилади. Шу сабабдан ўйинчиларни таркибга жалб этишда бироз қийналдик. Ҳар қандай мусобақада дастлабки ўйин қийин кечади. Ўзбекистон билан баҳс ҳам осон ўтмаслиги тайин. Лекин биз бор маҳоратимизни ишга солишга уринамиз, – деди Эрон терма жамоаси устози.