Free ebooks Library zlibrary project

8 январдан бутун Осиё футбол жамоатчилиги эътибори Таиланд яшил майдонларида ўтадиган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа чемпионатига қаратилади.

Мусобақада Токио-2020 олимпиадаси йўлланмаси учун баҳс олиб борадиган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мусобақа доирасидаги илк учрашувини ўтказадиган Сонгхла шаҳрига етиб келди.

Терма жамоамиз аъзоси Ислом Кенжабоев Осиё чемпионати олдидан ЎФА расмий сайтига ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди:

– Осиё чемпионатига яхши тайёргарлик олиб бордик. Барчаси юқори даражада ташкиллаштирилди. Ўртоқлик ўйинлари ҳам етарлича ўтказилди, деб ўйлайман.

Асосийси – жамоамиздаги йигитларда иштиёқ кучли ва барча фақат чемпион бўлиш ҳақида ўйлаяпти. Йигитлар шижоатга тўла. Бу ерга нима учун келганимизни ҳамда зиммамизда қандай масъулият турганини яхши англаб турибмиз. Биринчи галда юртимиздаги кўп сонли мухлисларни ғалабалар билан хурсанд қилишга уринамиз.

Тўғри, балким жуда кучли ва қийин гуруҳдан ўрин олгандирмиз. Лекин биз бундан асло қўрқаётганимиз йўқ. Насиб этса, мусобақа давомида ишончли ва мазмунли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Мен ўзим ҳам қўлдан келганча терма жамоамизга фойда келтиришга уринаман. Ҳудо хоҳласа, юртимизга ёруғ юз билан қайтамиз, – деди истеъдодли футболчи.