Бугун футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябр ойига мўлжалланган навбатдаги ўқув-машғулот доирасида ўртоқлик учрашуви ўтказди.
Олмалиқдаги “AГМК” спорт комплексида бўлиб ўтган баҳсда футзалчиларимиз Қирғизистон вакилларига қарши баҳс олиб борди.
Ўйиннинг 6-дақиқасида посбонимиз Aббос Элмуродов ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Ҳимоячиларимизнинг хатосидан унумли фойдаланган рақиб жамоа аъзоси Нурсултон Aбдилдаев учрашувдаги ҳисобни очди.
Биринчи бўлим сўнггида футзалчиларимиз ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Aнасхон Раҳматов йўллаган зарбани рақиб жамоа дарвозабони қайтарди, тўпга биринчи бўлиб етиб келган Элбек Тўлқинов дарвозани ишғол этди.
31-дақиқада Хушнур Эркинов рақиб ҳимоячиларини ажойиб тарзда доғда қолдирди ва ўткир бурчак остида дарвозага зарба берди. Қирғизистонлик посбон ушбу зарбани қайтаришга ожизлик қилди. Учрашувнинг қолган дақиқаларида жамоамизда бир қанча қулай имкониятлар пайдо бўлди, бироқ ўйин 2-1 ҳисобида ўз якунига етди.
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 19-ноябр куни Тожикистон вакилларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Ўзбекистон 2:1 Қирғизистон
Голлар: Элбек Тўлқинов 18′, Хушнур Эркинов 31′ – Нурсултон Aбдилдаев 6′