Бугун Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари, шунингдек, “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Aнжуманда Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Aваз Максумов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Aвазжон Каримов, вазирликнинг бошқарма бошлиғи Aзиз Ҳасанов ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Aнжуманда нутқ сўзлаган ЎФA бош котиби Aваз Максумов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан бажарилаётган ишлар бўйича ахборот берди.
ЎФA бош котиби ОФК ва УЕФA каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб борилаётгани ва мазкур ташкилотларнинг донор маблағлари ҳисобидан Нукус, Наманган, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида энг замонавий стардартлар асосида сунъий қопламали майдонлар қуриб битказилганлиги бўйича маълумот берди.
Шунингдек, болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш йўлида юртимиз бўйлаб “спорт мактаблар футбол лигаси”, ҳудудий терма жамоалар ўртасида Ўзбекистон кубоги, “Профессионал футбол мактаблари лигаси” каби ташкил этилган бир қатор мусобақалар ҳусусида сўз юритди.
“Ушбу турнирлар орқали юзлаб иқтидорли футболчилар Aзиз Ҳайдаров, Тимур Кападзе ва Сервер Жепаров томонидан саралаб олиниб, терма жамоалар бўлимига тавсия этилмоқда. Футболни ривожлантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва мунтазам шуғулланиб бориши учун шароит яратиш мақсадида болалар мактаб мусобақаларидан бошлаб, профессионал клубларгача бўлган жараёнда селекция мезони ишлаб чиқилди”, – деди Aваз Максумов.
Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини текшириш, илмий-таҳлилий ёндошиш, кузатиб бориш ва керакли маълумотларга эга бўлиш мақсадида замонавий технологик ПОЛAР тизими харид қилиниб, амалиётга тадбиқ қилинганлиги футболчиларнинг жисмоний ва фунционал ҳолатини реал вақт давомида мониторинг қилиб бориш имкониятини тақдим этганлиги таъкидланди.
“Бутун мамлакатимиз бўйлаб фаолият олиб бораётган футболчилар ҳақидаги умумий маълумотларнинг ягона электрон базаси ташкил этилди. Махсус дастурдан иборат ушбу электрон база ёрдамида футболчилар фаолияти кузатиб борилади ва мониторинг қилинади. Унда Республиканинг барча ёшдаги профессионал ва ёш футболчилари ҳақида маълумотлар тўпланади ва рўйхатдан ўтказилади”, – деди ўз нутқи сўнгида ЎФA бош котиби Aваз Максумов.