Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида ЎФA биринчи вице-президент Равшан Эрматов ҳамда Тожикистон футбол федерацияси вице-президенти Дилшод Журазода бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Тожикистонда футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, футбол ҳакамлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг ўзаро тажриба алмашишини таъминлаш бўйича ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама этилди.
Шунингдек, Миллий ҳамда турли ёш тоифалардаги футбол терма жамоалари ўртасида халқаро мусобақаларни ташкил этиш келажакда ўзбек-тожик халқлари ўртасида нафақат футболни, балки ўзаро қардошлик алоқаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши мумкин эканлиги алоҳида таъкидланди.
Суҳбат давомида ТФФ вице-президенти Дилшод Журазода ЎФA қошида ташкил этилган Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази фаолиятини юқори баҳолади ва қизиш билдирди.
Ўз навбатида, Равшан Эрматов Тожикистон футбол федерацияси билан ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдириб, делегацияси вакилларига ташриф ва самимий суҳбат учун миннатдорчилик изҳор этди.