Баҳрайн мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида иштирок этадиган U16 Ўзбекистон терма жамоаси айни кунларда “Чиғатой” базасида ўқув-машғулот йиғини ўтказмоқда.
Кеча бўлиб ўтган машғулот жараёнини ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам кузатиб борди.
ЎФA биринчи вице-президенти ўсмирлар терма жамоасига яратиб берилган шароитлар ва витаминизация масалалари ҳамда уларнинг жисмоний ҳолати, кайфияти билан яқиндан танишди.
Равшан Эрматов ўсмирларимиз билан ўзаро суҳбат давомида қитъа биринчилигида муносиб тарзда иштирок этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда бор куч-имкониятларни ишга солиш, мураббийлар кўрсатмаларига тўлиқ риоя этиш, доим мақсад сари интилиш муҳим эканлигини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, U16 Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида Жанубий Корея, Aвстралия ва Ҳиндистон жамоалари билан биргаликда C гуруҳидан жой олади.