Free ebooks Library zlibrary project

Юртимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Aваз Максумов тақдирланди.

Бугун Aваз Максумов ўзбек футболи ва футзали ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишонини қабул қилиб олди.

Aваз Максумов меҳнат фаолияти давомида Тошкент шаҳар футбол ассоциацияси бош котиби, Ўзбекистон мини-футбол ассоциацияси ижрочи директори, Марказий Осиё футбол ассоциацияси бош котиби каби масъул лавозимларда муваффақиятли иш олиб борди. 2019 йилдан эътиборан Aваз Максумов Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби ҳамда ОФК Ривожланиш қўмитасидаги Ўзбекистон вакили сифатида фаолият юритмоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Aваз Максумов юртимизда аёллар футболи ва футзали ривожига катта ҳисса қўшган мутахассислардан бири ҳисобланади. Унинг мураббийлиги остида футзал бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2018 йил Таиландда ўтган Осиё чемпионатида кучли саккизталикдан жой олди.

Турли хил даврларда, футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида Aваз Максумов бразилиялик Сержио Сапо ва испаниялик Хосе Мариа Мендес каби мутахассисларга ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган.

Aваз Максумов ОФКнинг футбол ва футзал бўйича мураббийлар йўриқчиси ҳисобланади ва қитъа миқёсида ушбу спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.