Free ebooks Library zlibrary project В 1win казино регистрация занимает всего пару минут. Вход через зеркало и промокоды помогут вам наслаждаться игрой и увеличат ваши шансы на победу!

Айни пайтда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда навбатдаги йиғинини давом эттирмоқда. Азамат Абдураимов ЎФА расмий сайтига йиғин, олдиндаги режалар ва мақсадлар хусусида гапириб ўтди:

– Биринчи галда биз жорий йил ҳисобидан илк йиғинни январь ойидаёқ ўтказаётганимиздан хурсандлигимни айтиб ўтмоқчиман. Одатда йилнинг ушбу ойида таътилда бўлар эдик.

Бизнинг бош мақсадимиз – ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўл олиш. Шу сабабдан иш ва тайёргарлик режаси ўзгача, зеро олдимизга улкан мақсадлар қўйяпмиз.

Бир неча кундан кейин терма жамоамиз Беларусда ўтказиладиган халқаро мусобақада иштирок этади.

Тўғри, ушбу мусобақада 17 ёшгача бўлган футболчилар қатнашади ва улар биздан 1 ёшга катта. Лекин натижадан кўра, тайёргарлик жараёни биз учун муҳим. Шунинг учун мусобақада иштирок этишга розилик бердик. Қолаверса, Европа жамоалари билан куч синашиш учун яхши имкониятга эгамиз.

Бизда иш режаси бор, жисмоний ҳолат бўйича кўп иш олиб боряпмиз, тест жараёни ўтказдик, ким қандай спорт формасидалигини текшириб олдик, тўпсиз кўп машқ ўтказяпмиз, кросс, тренажёр залида ишлаяпмиз, жисмоний ҳолатни яхшилаш бўйича ишлаяпмиз.

Йиғин доирасида 2 та ўйин режалаштирилган. Биринчи ўйинни 12 январда “Бунёдкор” 2003 билан ўйнаб, ғалаба қозондик. 16 январда эса “Чиғатой” 2002 билан баҳс олиб борамиз.

Мен йигитларнинг аввалбошдан бор куч ва маҳоратини ишга солиб машқ қилаётганидан мамнунман. Жамоада тартиб жойида. Улар жамоада рақобат мавжудлигини жуда яхши билишади, йиғинда 25 нафар ўйинчи қатнашмоқда. Минскка эса 18 нафар футболчи боради.  Шунинг учун ҳар бир ўйинчи ўзини кўрсатишга ҳаракат қиляпти.

Ҳозир асосий эътиборни назарияга қаратяпмиз, ҳозир Осиё чемпионати саралаш баҳсларини таҳлил қилиб чиқдик. Мақсадимиз – финал босқичига чиқиш эди. Шунинг учун доим ҳам чиройли ва ҳужумкор ўйин кўрсатмадик. Биз учун натижа энг муҳими эди. Биз мақсадга эришдик ва энди ишлаш учун бемалол вақтимиз бўлади.

Таркибимиздаги йигитлар ёш бўлгани учун ҳар куни назарий машғулотлар ўтказяпмиз. Ҳар сафар ким қайси позицияда туриши лозимлиги, қаерда қандай ҳаракат қилиши кераклигини яхшилаб тушунтиряпмиз. Бунга кўп вақт кетади, лекин бусиз жамоа туза олмайсан.

2020 йилга режаларимиздан асосан олдин бизга етишмаган халқаро ўйинлар ўрин олган. Минскдаги мусобақа, Саудия Арабистони, БАА, Уммон, Озарбайжон билан ўйинлар.

Йиғинлар, халқаро ўйин ва мусобақалар орқали биз секин-аста таркибни аниқлаштириб борамиз, қолаверса ўзимиз истаган – ҳужумкор, прессинг ва ҳимоядан ўйинни йўлга қўямиз. Ҳозирча рақибларимизни билмаймиз, лекин биз кучли термаларга қарши тайёрланяпмиз – Япония ва Корея. Ушбу мусобақада оддий жамоалар бўлмайди, фақат кучли рақиблар бўлади. Баъзилар билан олдинга ўтиб, баъзилар билан эса ҳимоядан туриб ўйнаш лозим бўлади. Баъзан ташаббусни бериб, қарши ҳужумлардан унумли фойдаланиш ҳам зарур бўлиши мумкин. Бу нарсаларни эса олдиндаги мусобақа ва ўйинларда ишлаб чиқамиз,  – деди мураббий.