Куни кеча футболнинг бугунги кундаги ривожланишида маркетингни ўрни ва Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Маркетинг бўйича ОФК мутахассиси Элнур Маммадов маркетинг ва коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда футбол соҳасида даромад олиш бўйича ўз тажрибасини Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари билан ўртоқлашди.
Семинар давомида фойда келтириши мумкин бўлган имкониятларни аниқлаш, улар асосида ишлаш стартегиясини тузиб чиқиш, ҳомий ва ҳамкор ташкилотларни жалб этиш, уларга етарли шароитларни яратиш, мухлисларни стадионга жалб қилиш ҳамда ОAВ билан ишлаш каби муҳим йўналишлар бўйича амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар муҳокама этилди.
Шунингдек, ОФК мутахассиси футболни молиялаштириш тизимини тўғри ташкил этишда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлар, чипталарни сотиш тизимини ривоҳлантириш ва футбол учрашувларига тегишли тижорий ҳуқуқларни, жумладан телетрансляция қилиш ҳуқуқларини дунё спорт бозорида сотиш бўйича ўзининг фойдали маслаҳатларини берди.
Қизиқарли суҳбат ҳамда очиқ мулоқот тарзида кечган семинар давомида жаҳон тажрибасини татбиқ этишда маҳаллий шарт-шароит ва мавжуд ресурслардан унумли фойдаланган ҳолда юқори натижаларга эришиш, ўзбек футболи брендини яратишда маркетинг соҳаси вакилларининг фаоллигини янада ошириш, мухлисларга кўпроқ маъқул бўладиган лойиҳа ва дастурларни ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди. Эндиликда бу каби семинарлар мунтазам равишда ташкил этиб борилиши алоҳида таъкидланди.