2024 йилги Олимпия ўйинларига йўлланма тақдим этадиган U23 Осиё кубоги баҳсларига тайёргарлик кўриш мақсадида 2000-2001 йилларда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон U21 ёшлар терма жамоаси ташкил этилди.
Бош мураббий Тимур Кападзе қўл остидаги мазкур жамоа вакиллари Украина пойтахти Киев шаҳрида ўтадиган халқаро турнирга таклиф этилди.
Aнъанавий Валерий Лобановский халқаро хотира турнири жорий йилнинг 25-29 май кунлари бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада Ўзбекистон U21 терма жамоаси билан биргаликда Озарбайжон, Тунис ва Украина ёшлари иштирок этади. 26 май куни Ўзбекистон вакиллари ярим финал учрашувида Тунис U21 терма жамоасига қарши майдонга чиқади.
Финал ва 3-ўрин учун бўлиб ўтадиган баҳслар 28-май санасида “Оболон-Aрена” майдонида ўтказилади. Совринли ўринлар билан бир қаторда, турнир давомида ўз маҳорати ва салоҳиятини кўрсата олган футболчиларга “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши яримҳимоячи” ва “Энг яхши ҳужумчи” махсус совринлари топширилади.