Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда мураббийлик соҳасини янада ривожлантириш, мураббийлар малака ва салоҳиятини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, ЎФA қошида қатор лицензияли ўқув курслари ва семинарлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
17 февраль куни ЎФA анжуманлар залида “D” лицензияси дастури бўйича илк бора мураббийлик курслари старт олди. Ўқув жараёнини тажрибали йўриқчи Aбдумажид Тоиров олиб бормоқда. Курсда 18 нафар мураббий таҳсил олмоқда. Ўқув жараёни ўз ичига ҳам амалий, ҳам назарий машғулотларни қамраб олади. Курс 23 февралга қадар давом этади.
Бундан ташқари 17-23 февраль кунлари худди шундай ўқув курси Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ташкил этилмоқда. Нукусда ўтаётган ўқув курсларини инструктор Владимир Коваленко олиб бормоқда.
Қайд этиш жоиз, мазкур курс якунларига кўра имтиҳондан муваффақиятли ўтган мутахассислар “C” лицензияси бўйича таҳсил олиш имконига эга бўлишади.