Ташриф аввалида вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов иштирокида учрашув ташкил этилиб, вилоятда футбол оммавийлигини ошириш ва болалар-ўсмирлар футболини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди. Шунингдек, Хоразмлик футбол мухлисларининг қизиқишлари ва футболга бўлган меҳрини инобатга олиб, «Хоразм» клубида жиддий ўзгаришлар амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди. Бунда клубнинг ўз базаси ва майдонларига эга бўлиши, машғулотлар учун қулай шароитлар яратиш, клуб автобуси ва керакли барча қулайликларни тақдим этиш, клуб фаолиятини профессионал даражага олиб чиқиш орқали юқори натижаларга эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Шундан кейин, ЎФА мутасадди ва мутахассислари вилоят футбол ассоциацияси иш фаолияти, футбол инфратузилмаси ва мавжуд шарт-шароитлар билан танишиб чиқдилар. Вилоят миқёсида болалар футболининг инфраструктураси юзасидан фикр алмашилди. Хоразмда истеъдодли ёшлар кўп эканлиги, уларни тўғри йўналтириб, халқаро стандартлар асосида катта футболга тайёрлаш лозимлиги, бу борада вилоятдаги футбол академияларининг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди.
Ташриф давомида Равшан Эрматов вилоятдаги Урганч, Янги бозор, Гурлан, Хива ва Шовот туманларида бўлиб, жойлардаги стадионлар, академия ҳамда спорт мактаблари қурилиш-реконструкция лойиҳалари билан яқиндан танишди. Қурилиш давом этаётган жойларни кўздан кечирди ва ўз тавсияларини берди.
Масъуллар билан бўлган суҳбатда вилоятдаги профессионал футбол клубларининг инфраструктурасини яхшилаш ва майдонларни стандарт ҳолатга келтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Вояга етаётган ёш футболчиларимиз ҳам, аввало, сифатли майдонларда тўп суришлари лозимлиги алоҳида таъкидланди.