Бугун Тожикистон футбол федерацияси ҳакамлар департаменти раҳбари Рустам Абдуллоев ЎФА меҳмони бўлди. Дастлаб ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов мамлакатларимиз ўртасида яқин қўшничлик алоқалари ҳамда футболни ривожлантириш борасида ҳаракатлар янги босқичга чиққанидан мамнун эканлигини билдирди. Ўз навбатида Абдуллоев янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга таёр эканлигини айтди.
Шундан сўнг ТФФ ҳакамлар департаменти раҳбари ва ЎФА ҳакамлар бўлими бошлиғи Эркин Бахтиёров ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашди.
Ушбу меморандум асосида кўплаб истиқболли лойиҳаларни бирга амалга ошириш келишиб олинди. Ҳусусан ўзаро тажриба алмашиш, ўзаро йиғинларини биргаликда ташкил этиш, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг маҳаллий чемпионат учрашувларини бошқаришга ўзаро тажрибали ҳакамларни жалб этиш амалиётини йўлга қўйиш каби таклифлар мақулланди.