Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳудудлардаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг футбол бўлимлари, футбол маҳорат мактаблари, ихтисослаштирилган футбол мактабларида мавжуд шарт-шароитларни яқиндан ўрганиш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида иш олиб бораётгани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ЎФА ва спорт вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, мутахассислар вилоятларда бўлиб, болалар ва ўсмирлар футболидаги шарт-шароит, камчиликлар билан танишиб чиқишмоқда.
Жумладан, ишчи гуруҳ Навоий вилоятида бўлди. Вилоятнинг барча туманларида фаолият олиб бораётган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлимларининг иш-жараёни, футбол тўгаракларининг зарур инвентарлар билан таъминланганлиги, мураббийларнинг замонавий методлар асосида машғулотлар олиб бораётгани, футбол майдонлари ҳолати атрофлича ўрганилди.
Навоий вилояти Футбол маҳорати мактаби, шунингдек, Навоий олимпия захиралари мактаб-интернати фаолияти, уларнинг иш-режалари билан ҳам танишиб чиқилди.
Шунингдек, “Қизилқум” футбол клубининг стадиони, клубнинг янги мавсумга тайёргарлиги, Навоий вилояти футбол ассоциациясининг 2020 йил учун мусобақалар тақвими, иш-режалари ўрганилди.