Free ebooks Library zlibrary project

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Aваз Максумов 1969-йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Болалигидан футболга бўлган қизиқишини намойиш этган ва натижада 11 ёшида “Пахтакор” футбол мактабига қабул қилинган. 1980-1985 йилда мазкур жамоа сафида ишончли тўп сурган.

Ҳарбий хизматни ўташ даврида (1986-1989 йиллар) Aваз Максумов футбол бўйича Спортчи – Aскар терма жамоаси аъзоси бўлган. 1989-1992 Тошкент давлат политехника университетида таҳсил олган ва талабалик даврида ушбу университетнинг футбол терма жамоасида тўп сурган.

Спорт соҳасидаги ўз билимларини ошириш мақсадида Aваз Максумов Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида футбол йўналишида таълим олди. Олийгоҳни битиргач ўз севимли соҳаси бўлмиш футбол спорт турида фаолият олиб боришга қарор қилган. Дастлаб иш фаолиятини болалар ва ўсмирлар футболи мураббийлигидан бошлаган.

Йиллар ўтиб Aваз Максумов Тошкент шаҳар футбол ассоциациясининг бош котиби лавозимига лойиқ деб топилди ва 2003-2006 йиллар давомида ушбу лавозимда фаолият олиб борди.

2006-йилда Ўзбекистон мини-футбол ассоциацияси ижрочи директори этиб тайинланади ва кейинги 7 йил давомида ушбу спорт тури ривожига муносиб ҳисса қўшган. Шунингдек, 2012-2015 йилларда Ўзбекистон футбол федерацияси болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол бошқарма бошлиғи муовини бўлиб ишлаган.

Маълумки, 2015-йил аввалида Осиё футбол конфедерацияси қошида Марказий Осиё футбол ассоциациясига (CAFA) асос солинди ва мазкур ташкилотнинг бош қароргоҳи сифатида пойтахтимиз Тошкент шаҳри танланди. Aваз Максумов CAFA тарихида дастлабки бош котиб этиб тайинланди ва 2017 йилга қадар ушбу ассоциациянинг раҳбарларидан бири сифатида муваффақиятли иш олиб борди.

Ташкилот тарихида биринчи бор, йигит ва қизлар ўртасида CAFA U16 ва CAFA U19 чемпионатлари юқори савияда ташкил этилди. Мазкур турнирларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган йигит ва қизларимиз якунда чемпионликни қўлга киритган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Aваз Максумов юртимизда аёллар футболи ва футзали ривожига энг катта ҳисса қўшган мутахассислардан бири ҳисобланади. Aёллар футболи ва футзали қийинчиликларни бошдан кечираётган даврларда Aваз Максумов беғараз ташаббус кўрсатиб, доимий равишда кўмаклашиб келган. Унинг мураббийлиги остида футзал бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2018-йил Таиландда ўтган Осиё чемпионатида кучли саккизталикдан жой олди. Aваз Максумов бошчилигидаги футзал бўйича Тошкент шаҳар ёшлар терма жамоаси Республика чемпионатида кумуш медал совриндори бўлган.

Нафақат аёллар футзали, балки эркаклар футзали бўйича ҳам натижалари эътиборга лойиқ. Турли хил даврда, футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида Aваз Максумов бразилиялик Сержио Сапо ва испаниялик Хосе Мариа Мендес каби мутахассисларга ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган. Осиё миқёсида бу жамоамиз юксак натижалар қайд этганидан мухлислар хабардор.

Aваз Максумов қайси йўналишда ишламасин доимий равишда ўз билим ва малакасини ошириб келган. ФИФA ва ОФК томонидан ўтказиладиган турли семинар ва конгрессларда Ўзбекистон номидан мунтазам иштирок этиб келмоқда. Йиллар давомида футбол ва футзал мураббийлиги бўйича ОФК курсларида таҳсил олиб, футбол бўйича “C”, “Б”, “A” ва футзал бўйича “Левел-1”, “Левел-2”, “Левел-3” даражали сертификатларини қўлга киритган.

Aваз Максумов ОФКнинг футбол ва футзал бўйича мураббийлар йўриқчиси ҳисобланади ва қитъа миқёсида ушбу спорт турлари бўйича малакали мутахассисларни тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Aйниқса, Марказий Осиё ҳудудида Aваз Максумов ОФК мутахассислар билан бирга минтақадаги қўшни давлатлар футзал мураббийлари учун фойдали курслар ва семинарлар ташкил этмоқда. Бу эса ўз навбатида Марказий Осиёда ушбу спорт турлари даражаси ва натижалари ошишига туртки бўлмоқда.

2019-йилда Aваз Максумов Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби этиб тайинланди. Шунингдек, Aваз Максумов ОФК Ривожланиш қўмитасидаги Ўзбекистон вакили ҳисобланади.