ЎФА раҳбарияти ОФК масъуллари билан келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши кураш бўйича учрашув ўтказди

  • ОФК
  • 18-07-2019
  • 532

Хабарингиз бор, 15 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конференциясида ЎФА Президенти Абдусалом Азизов мамлакатимизда футбол ривожи учун амалга ошириладиган ишлар хусусида гапириб, футболимизни орқага тортаётган иллатлардан бўлган келишилган ўйинлар ва тотализаторда иштирок этиш каби ҳолатлар билан кескин кураш олиб борилишини таъкидлаган эди.

Шу боисдан айни пайтда Малайзия пойтахти Куала Лумпурда жойлашган Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳида бўлиб турган Равшан Эрматов бошчилигидаги ЎФА делегацияси ОФКнинг ушбу йўналиш бўйича масъуллари – AFC Integrity департаменти раҳбари Аҳмед Алосайми ҳамда Sportradar компанияси директори Оскар Бродкин билан учрашув ўтказди. Учрашув чоғида ОФК вакиллари Ўзбекистондаги ички мусобақаларда келишилган ўйинлар ташкил этилишига қарши курашда Ўзбекистон футбол ассоциациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда бу борада ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр эканини маълум қилишди. Ўз навбатида Равшан Эрматов ҳам мамлакатимизда футболнинг ривожи учун тўсқинлик қилаётган турли қинғирликлардан ҳоли бўлиш муҳим экани, келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши курашда ЎФАнинг қитъа футбол конфедерацияси билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориши янада самара беришини таъкидлади.

Шунингдек, ФИФА ҳакамлар қўмитаси раиси ўринбосари Ҳани Баллан ҳамда ОФК ҳакамлар бошқармаси директори Шамсул Майдин билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда Осиёдаги ва Ўзбекистондаги ҳакамликни ривожлантириш, ҳакамлар савияси ва маҳоратини ошириш учун семинарлар ташкил этиш, ҳакамликни ҳаваскорликдан профессионал йўналишга ўтказиш, VAR тизими каби масалалар муҳокама қилинди.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan