Легионерлар: Шомуродов жамоасига ғалаба келтирди, Рашидов Кака ўрнига захирадан майдонга тушди 

  • ЎФА
  • 15-04-2019
  • 891
 
Дам олиш кунлари легионерларимиз ўз клублари таркибида ўйинлар ўтказиб, турли натижалар қайд этишди.
 
Элдор Шомуродов
Миллий терма жамоамиз ҳужумчиси Элдор Шомуродов учун навбатдаги тур омадли келди. У Россия чемпионати 23-турида "Ростов" таркибида "Спартак" Москва жамоасига қарши ўйинда ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда 80-дақиқада захирадан майдонга тушиб, гол киритди. Унинг голи якунда "Ростов"га ғалаба келтирди - 2:1. Ушбу ғалабадан кейин "Ростов"нинг очколари сони 35тага етди. Улар мусобақа жадвалида 6-поғонада боришмоқда.
 
Сардор Рашидов
Терма жамоамиз аъзоси Сардор Рашидов тўп сураётган Португалиянинг "Насьонал" жамоаси мамлакат чемпионатида у қадар муваффақиятли қатнаша олмаяпти. 29-турда "Насьонал" "Боавишта"га қарши сафарда ўйин ўтказди ва кичик ҳисобда мағлубиятга учради.Ҳамюртимиз мазкур ўйиннинг 75-дақиқасида бразилиялик Кака ўрнига захирадан майдонга тушди (Айтиш керакки, бу ўша машҳур Кака эмас, балки бошқа ёш футболчи). Ҳозирда "Насьонал" мусобақа жадвалида 16-ўринда бормоқда.
 
Виталий Денисов
Виталий Денисов Россия чемпионати 23-турида "Крилья Советов" клуби таркибида "Рубин"га қарши 90-дақиқа тўп сурди. Ўйин "Крилья Советов" жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалабадан кейин Денисов жамоаси 27 очко билан 11-поғонада бормоқда.
 
Достон Турсунов
"Жей-лига 2" чемпионатида тўп сураётган Достон Турсунов 9-турда "Ренофа Ямагучи" сафида "Кагошима Юнайтед" жамоасига қарши тўлиқ 90-дақиқа ҳаракат қилди. Ўйин 1:0 ҳисобида "Ренофа" ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалабадан кейин Турсунов жамоаси 8 очко билан 19-ўринда бормоқда. 
 
Рустам Ашурматов
Рустам Ашурматов "Кей лига-2" чемпионати 6-турида "Гвангжу" - "Даежон" учрашувида тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Учрашувда ҳисоб очилмади - 0:0.  Айни пайтда "Гвангжу" жамоаси мусобақа жадвалида 1-ўринда бормоқда.
 
Одил Аҳмедов
Терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов тўп сураётган "Шанхай СИПГ" жамоаси Хитой чемпионати 5-турида "Ухань" клубига қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.  Одил Аҳмедов мазкур ўйинда майдонга тушмади. "Шанхай" клуби айни пайтда мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда. 
 
Фозил Мусаев
Фозил Мусаев тўп сураётган "Жубило Ивата" жамоаси "Жей лига" 7-турида "Шимицу" клубига қарши майдонга тушди ва 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Мусаев бу ўйинда қатнашмади. "Жубило Ивата" мусобақа жадвалининг 14-поғонасида боряпти.
 
Икром Алибоев
"Кей лига-1" чемпионати 7-турида терма жамоамиз аъзоси Икром Алибоев тўп сураётган "Сеул" жамоаси "Гангвон" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Икром Алибоев мазкур ўйинда майдонга тушмади. Ҳозирда "Сеул" мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда. 
 
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan