ЎФА Этика қўмитаси томонидан “Навбаҳор” собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжонов 50 миллион сўм жаримага тортилди ҳамда 5 йилга футболдан четлатилди

  • ЎФА
  • 01-04-2019
  • 2443
 
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг 2019 йил 20 февралдаги  02/2019 сонли  йиғилиш қарорига асосан, ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармасига Наманганнинг “Навбаҳор-Лочинлари” ПФК клуби собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг келишилган ўйинларга алоқадорлиги юзасидан ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бориш юклатилганди.
 
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан Илҳом Мўминжоновнинг фаолиятига қонуний баҳо бериш мақсадида у билан бирга фаолият олиб борган футболчилар ва расмий шахслар суҳбатга чақирилди ҳамда улар билан суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган маълумотлар натижасида йиғилган бир қатор  ҳужжат-далиллар кўриб чиқиш учун ЎФА Этика қўмитасига тақдим қилинди.
 
ЎФА Этика қўмитаси тақдим қилинган ҳужжат ва даллиларни ўрганиб чиқиб, бугун 1 апрель куни ЎФА биносида якуний йиғилишини ўтказди.
 
Кун тартибидаги масала юзасидан ЎФАнинг Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан ишга оид тақдим этилган маълумотлардан ҳамда Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитасининг билдирган фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб, йиғилиш қарор қилди:
 
1. “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийси Мўминжонов Илҳом 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг бир қатор футболчиларини ўйинни сотишга ундагани учун, ЎФА интизом кодексининг 5.44. бандига асосан:

- 50.000.000 (эллик) миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилсин
- ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитасининг 2019 йил 2 февральдаги 01/2019-сонли йиғилиш қарори билан 1 (бир) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганлигини инобатга олиб, 4 (тўрт) йил муддатга футболдаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш, умумий ҳисобда 5 (беш) йил муддатга четлаштирилсин.
 
2. “Сурхон” ПФК техник директори  Шарипов Шерзод қўмитага ва ЎФАнинг расмий вакилларига суриштирув жараёнида ёлғон кўрсатма берганлиги ва қўмитани вазият юзасидан қарор чиқаришда чалкаштиришга ҳаракат қилгани учун 2019 йил футбол мавсуми охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилсин.
 
3. “Сурхон” ПФК жамоаси сардори Жабборов Дилшод “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийси Мўминжонов Илҳомга 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилишга ёрдам берганлиги ва футболчиларни ўйинни сотишга ундагани, шунингдек, қўмитанинг ёзма ва оғзаки сўровларига эътибор бермай узрли сабабсиз қўмита йиғилишларига келмаганлиги учун ЎФА интизом кодексининг 5.52. бандига асосан 2019 йил футбол мавсуми охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилсин.
 
Шунингдек, йиғилиш давомида футбол соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар ким бўлишидан қатъи назар келгусида бундай ҳолатларни содир этадиган бўлса, белгиланган тартибда жазога тортилиши маълум қилинди.
 
 
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan