Роберто Карлос: "Ўзбек футболи ҳақида етарлича тасаввурга эгаман"

  • ЎФА
  • 28-01-2019
  • 1154
 
Жаҳон футболи афсонаси Роберто Карлос иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида бразилиялик футболчи журналистларнинг саволларига жавоб бериб ўтди. Эътиборингизга Роберто Карлоснинг фикрларини ҳавола қилиб ўтамиз.
 
"Кеча Испания чемпионатидан ўрин олган "Эспаньол" - "Реал Мадрид" учрашувини томоша қилдим. Кейин тўғридан-тўғри Тошкентга учиб келдим. Узоқ парвоз толиқтирганига қарамай, бугун Ўзбекистондаги болажонларни кўриб, улар билан маҳорат дарсларини ўтиб жуда хурсанд бўлдим. Бундан ташқари, Меҳрибонлик уйларига ташриф буюриб, у ердаги тарбияланувчилар билан учрашдик. Бу учрашувлар менда жуда яхши таассуротлар қолдирди. 
 
Ўзбекистонга келишимга ёрдам берган барча инсонларга, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарларига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман.
 
Ўзбекистондаги футбол академияси тарбияланувчилари билан учрашдик. Уларнинг истеъдодли эканликларига гувоҳ бўлдим. Агар академияларда кучли мураббийлар ишласа ва ишлар тўғри йўлга қўйилса, келажакда бу академиялардан яхши футболчилар етишиб чиқади. 
 
Ўзбек футболи ҳақида менда етарлича тасаввур бор. Терма жамоангиз сардори Одил Аҳмедов билан яхши танишман. У билан Россиянинг "Анжи" клубида бирга тўп сурганмиз. 
 
Мен биринчи шартномамни имзолаётганда оилам ҳақида ўйлаганман. Дадамга алоҳида уй сотиб олиб беришни орзу қилардим. Кейинчалик бу орзуимни амалга оширишга муваффақ бўлдим. Мен доимо оила аъзоларим ҳақида қайғураман.
 
Авваллари кучли футболчилар кўп бўларди. "Олтин тўп" учун камида 15тача даъвогар бўларди. Ҳозир фақат Роналду ва Месси бор. Уларнинг ёнига Неймар ва Мбаппени қўшиш мумкин, холос.
 
Ўзбек таомларини жуда яхши кўраман. Москвада 3 йил яшаганман, ўша вақт давомида асосан ўзбек таомлари тайёрлайдиган ресторанда овқатланганман. 
 
Мен бутун борлиғим билан "Реал Мадрид" клубига тегишлиман. Масалан, Карлос Пуйолни ҳеч ким "Реал" либосида тасаввур қила олмайди. Шунингдек, мени ҳам "Барселона" либосида тасаввур қилиш иложсиз. Мен "Қироллик клуби"нинг вакилиман. Охиригача шундай бўлиб қоламан. Менинг фикримча, Бекхэм, Раул, Зиданлар тўп сурган "Галактикос" энг кучли жамоа эди.


Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan