Жаҳон футболи юлдузи Роберто Карлос Тошкентга келади

  • ЎФА
  • 22-01-2019
  • 2058
Ўзбекистон футбол ассоциацияси жаҳонга машҳур футбол юлдузларини Ўзбекистонга таклиф қилиб, бу орқали мамлакатимизда футболни янада оммалаштириш, ривожлантириш ва ёш авлод ўртасида футболга бўлган қизиқишни янада ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Жумладан, 28 январь куни жаҳон футболи юлдузи, Бразилия терма жамоаси таркибида Жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган ҳимоячи афсонавий Роберто Карлос Тошкентга ташриф буюради.

Роберто Карлос ташрифи давомида ёш футболчиларга мастер-класслар ўтказиб, меҳрибонлик уйидаги болажонлар билан учрашиши кўзда тутилган. Шунингдек, бразилиялик футболчи иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинади. Роберто Карлоснинг ташрифига доир тадбирлар, жумладан, матбуот анжуманининг вақти ва бўлиб ўтадиган жойи кейинроқ алоҳида эълон қилинади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик машҳур футбол юлдузлари ва фахрийлар иштирокида 10 дақиқадан иборат 2 таймли ўртоқлик ўйини ташкил қилинади. Роберто Карлос бу учрашувда ҳар икки жамоа таркибида биттадан таймда майдонга тушади. 

Шунингдек, ташриф давомида Роберто Карлосни ўзбек футболи билан яқиндан таништириш ҳам режалаштирилган.
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan