Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида биринчи вице-президент Равшан Эрматов ҳамда Туркий Кенгаш бош котиби Багдад Aмреев бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Туркий Кенгаш аъзо мамлакатларида спортни, ҳусусан футболни ривожлантириш ва оммалаштириш, терма жамоалар ҳамда клублар ўртасида халқаро мусобақаларни ташкил этиш, футбол ҳакамларини қайта тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашиш, футбол ассоциациялари ва федерациялари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Туркий Кенгаш аъзо мамлакатлари ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири эканлигини таъкидлаб, спорт барча халқларни бирлаштириб, маданиятлар уйғунлигига хизмат қиладиган, ўзаро ҳурмат туйғусини уйғотадиган ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайдиган муҳим омил эканлигини эътироф этди.

Туркий Кенгаш бош котиби Багдад Aмреев ташкилотга аъзо мамлакатларнинг Миллий ҳамда турли ёш тоифалардаги футбол терма жамоалари ўртасида халқаро мусобақаларни ўтказиш имконияти мавжуд эканлигини билдириб, бундай беллашувлар туркий халқлар ўртасида нафақат футболни, балки ўзаро қардошлик алоқаларини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши мумкин эканлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Багдад Aмреев Туркия Суперкубогини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича Туркий Кенгаш музокаралар олиб бориб, ташкилот ҳомийлигида мазкур баҳсни юртимизда бўлиб ўтишини таъминлаш юзасидан ўз таклифларини берди.

Ўз навбатида, Равшан Эрматов Туркий Кенгаш бош котибига ташриф ва самимий суҳбат учун миннатдорчилик изҳор этди ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси юқорида тилга олинган таклифлар юзасидан ўзаро ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.