Бугун Сречко Катанецнинг Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шартномага кўра, словениялик мутахассис 2025 йилга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритади.

Маълумот ўрнида, Сречко Катанец1963 йилда Словениянинг Любляна шаҳрида таваллуд топган. 1981-1994 йиллар давомида «Партизан», «Штутгарт», “Сампдория” каби жамоаларда тўп сурган. Ушбу давр мобайнида А-Серия ва Италия кубогини қўлга киритган, шунингдек, УЭФА Чемпионлар лигаси ва УЭФА Кубоги финал учрашувларида иштирок этган ҳамда Европа Кубок эгалари кубогида зафар қучган.

Мураббийлик фаолиятида эса Македония, Бирлашган Араб Амирлиги, Словения ва Ироқ миллий терма жамоаларини бошқарган. Сречко Катанец тарихда биринчи бор Словения миллий терма жамоасини Жаҳон ва Европа чемпионатларига олиб чиққан мураббий ҳисобланади.

Шунингдек, Миллий жамоамиз мураббийлар штабида 5 нафар хорижлик мутахассис иш олиб боради. Алеш Чех ва Владо Радманович ёрдамчи мураббий сифатида Сречко Катанецга кўмаклашади. Мартин Магистер жамоа аъзоларининг жисмоний тайёргарлигига жавобгар бўлади. Ниҳад Пейкович эса дарвозабонлар мураббийи сифатида фаолият олиб боради. Шунингдек, штабдан физиотерапевт Иан Катанец ўрин олган.