Бугун ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар академиялари раҳбарлари ва тиббиёт ходимлари, шунингдек, таниқли спорт диетологлари ва турли ёшдаги жамоаларнинг тиббиёт ходимлари иштирокида онлайн учрашув ўтказди. Унда футбол тиббиёти йўналишини тизимли ва сифатли ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди.

Йиғилиш аввалида Равшан Эрматов барчани давлатимиз байроғи қабул қилинган кун билан табриклади.

Ҳар қандай жамоанинг асосини академия ва болалар футболи ташкил этади. Шу сабабли, болаларнинг жисмоний ва психологик ҳолати биринчи ўринда туриади. Сифатли спорт тиббиёти эса натижаларга бевосита ижобий таъсир қилувчи омилдир. Учрашувда бу борадаги айни вақтади ҳолат, муаммолар, уларнинг ечимлари ҳақида сўз борди.

“Биз йиллар давомида бунга етарлича эътибор бермадик. Ўзбек футболининг келажаги йўлида ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг барча академиялари учун мўлжалланган ягона тиббиёт тизимини ишлаб чиқиш зарур, фарзандларимиз Европадаги тенгдошларидан ҳеч қандай кам бўлмаслиги, жисмонан соғлом бўлиб етишишлари ва руҳан футболчилик фаолиятига тайёр бўлишлари лозим”, — деди Равшан Эрматов.

Учрашув давомида мутасаддиларга академияларда комплекс витаминизацияни йўлга қўйиш, мусобақаларга жисмоний тайёргарлик кўриш ва футболчиларнинг овқатланиш жараёнини алоҳида назорат остига олиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, ЎФА қошида юртимизнинг тиббиёт соҳасида ўз йўналишининг етакчи мутахассисларини жалб қилган ҳолда янги қўмита ташкил этилиш таклифи маъқулланди.

Футбол энг катта энергия сарфланувчи спорт турларидан бири эканлигини инобатга олган ҳолда, болалар-ўсмирлар ёшиданоқ тўғри овқатланишни ташкил қилиш бўйича замонавий тизим ишлаб чиқилиши ва мамлакат бўйлаб жорий этилиши маълум қилинди.

Йиғилишда шунингдек, ҳар битта мутахассис ўз йўналиши бўйича таклифларини билдирди. Хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда бир ҳафта ичида семинар ўтказиш, шунингдек, бундай семинарлар мунтазам равишда йўлга қўйишга келишиб олинди.