Free ebooks Library zlibrary project

Биласиз, миллий чемпионатимиз учрашувларига мухлислар қизиқишини орттириш, стадионларга мухлислар ташрифини кўпайтириш, ишқибозлар ўртасида мухлислик маданиятини янада ривожлантириш бўйича қатор саъйи-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бугун Наманган шаҳрида футбол ишқибозлари билан учрашув ташкил этилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳамда терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов иштирок этди.

Самимий ва очиқ руҳда ўтган учрашув давомида ўзбек футболининг кечаси ва бугуни, мавжуд камчилик ҳамда муаммолар, қўлга киритилаётган ютуқлар, ишқибозларни қийнаётган масалалар, миллий футболимизнинг яқин келажак режалари муҳокама этилди.

Очиқ мулоқот давомида ишқибозлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди, миллий футболимизни ривожи учун ўз таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдиришди.

Миллий терма жамоамиз устози Вадим Абрамов Наманганда “миллионлар ўйини”нинг ашаддий ишқибозлари жуда ҳам кўп эканини таъкидлаб, турли ёшдаги терма жамоаларимизнинг ўйинлари Наманган шаҳрида ҳам ўтказилишидан мамнун бўлишини билдирди. Одил Аҳмедов эса миллий жамоа сафида майдонга тушадиган ҳар бир футболчи халқимиз олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этишини, йигитлар ҳар бир учрашувда мухлисларни хушнуд этиш учун бор куч-маҳоратларини ишга солишларини айтиб ўтди.

Ўз навбатида Равшан Эрматов мухлислар билан бу каби самимий мулоқотлар тез-тез ўтказиб борилишини таъкидлади ва ЎФА миллий футболимиз равнақи йўлида ишқибозларнинг таклифларини эшитишга ҳамиша тайёрлигини билдирди.