Ўзбекистон футбол ассоциацияси ишчи гуруҳ ходимлари Наманган вилояти футболида бажарилиши зарур бўлган ишлар ҳамда мавжуд камчиликлар билан танишиб чиқди.

Ташрифнинг дастлабки қисмида вилоятдаги барча туман ва шаҳарлардаги футбол мактаблари мураббийлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда айни пайтда ҳудудларда футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Жойларда фаолият юритаётган мураббийларни қандай муаммолар қийнаётганлиги ва мавжуд камчиликларни бартараф етиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Наманган вилоятида фаолият юритаётган ва ўтган вақт давомида фаоллик кўрсатган беш нафар мураббийга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ташаккурномаси ва машғулотлар ўтказиш учун керакли спорт инвентарлари тақдим этилди.

Ишчи гуруҳ вакиллари Наманган вилоятидаги спорт иншоотлари ва маҳорат мактабларида иншоотларини кўздан кечириб, амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.

Шунингдек, улар футбол мактаби тарбияланувчиларининг машғулотлар жараёнини кузатиш баробарида, ёш футболчилар билан суҳбат ўтказди ва уларнинг келажакдаги мақсадлари билан ўртоқлашди.