Бугун Наманган шаҳрида жойлашган Вилоят футбол маҳорати мактаби тасарруфидаги “Ёш куч” стадионида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Осиё футбол конфедерацияси томонидан ҳамкорликда барпо этилган янги сунъий қопламали майдоннинг очилиш маросими ўтказилди.

Катта тантана тарзида ташкил этилган очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, Жисмоний тарбия ва спорт вазирнинг биринчи ўринбосари, ЎФA Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Aбрамов, терма жамоамиз сардори Одил Aҳмедов ҳамда футбол жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.

Очилиш маросимида дастлаб Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров сўзга чиқиб, ЎФA томонидан юртимизда футбол оммавийлигини ошириш, ҳудудларда мавжуд инфратузилмани яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларга катта баҳо берди. Ўз навбатида Равшан Эрматов ҳам Наманган халқи азалдан футболни яхши кўришини алоҳида қайд этди:

– Наманганда футболга ҳамиша катта эътибор қаратиб келинади. Наманган аҳли футболга ўзгача меҳр қўйганини нафақат юртимизда, балки ундан ташқарида ҳам жуда яхши билишади. Бежизга буердан кўплаб машхур футболчилар етишиб чиқмаган. Aйни пайтда юртимиз октябрь ойида мезбонлик қиладиган 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг гуруҳ баҳсларини Наманганда ҳам ўтказишни режалаштиряпмиз. Шу каби жиҳатларни инобатга олган ҳолда ОФК билан ҳамкорликда наманганлик ёш футболчилар учун сунъий қопламали майдон барпо этилди. Ишончим комил, яқин келажакда буерда шуғулланадиган ёш истеъдод эгалари катта футболчилар бўлиб етишади ва миллий терма жамоамизнинг муваффақиятларига хисса қўшишади, – деди Равшан Эрматов.

Шундан сўнг янги қуриб битказилган майдонда илк учрашув ўтказилди. Хайрулло Бозаров ҳамда Равшан Эрматов бошлаб берган учрашувда яқин ўтмишнинг машхур футболчиларидан иборат жамоа Наманган вилояти футбол маҳорати мактабининг 2002 йилда таваллуд топган футболчиларига қарши баҳс юритди. Ёш ўйинчилар Одил Аҳмедов, Шуҳрат Мирхолдиршаев, Санжар Асқаралиев, Илҳом Бойдедаев, Носир Отақўзиев каби маҳорат эгаларига қарши тўп суриб, улардан майдонда зарур кўникмалар олиш имконига эга бўлишди.