Free ebooks Library zlibrary project

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё футбол конфедерациясининг 6-Конгресси ўтказилди. Унда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигида ўзбекистонлик мутахассислар ҳам иштирок этишди. Конгрессни CAFA президенти Рустам Эмомали очиб берди ва ассоциация аъзоларига минтақада футболни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.

2021 йил мураккаб кечганига қарамай, ташкилот томонидан режадаги турнирлар ва тадбирлар яхши савияда ўтказилгани эътироф этилди. Конгрессда асосий эътибор 2022 йил режаларига қаратилди. Тақвимга кўра йил давомида CAFA шиори остида 8 та мусобақа ўтказилиши ижроия қўмита томонидан маъқулланди.

Шунингдек, аъзо ассоциацияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилди. ЎФА делегацияси томонидан 2025 йилги ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини Марказий Осиё мамлакатларида қабул қилиш бўйича ташаббус илгари сурилди. CAFA минтақаси мамлакатларида бирлашган Мундиал ўтказиш таклифи барча иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу ташаббус асосида лойиҳа ишлаб чиқилиши маъқулланди.