Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мамлакатимизда ҳакамлик соҳасини ривожлантириш, футбол ҳакамлари малака ва салоҳиятини ошириш, ҳалоллик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор тизимли ишлар мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ушбу мавсум давомида Coca Cola Суперлига ва Про-лигада тур ўйинлари якунлангач ЎФA Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси томонидан ҳакамлар учун махсус семинар ташкил этилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинмоқда.

Бугун ЎФA мажлислар залида Coca Cola Суперлига ўтган тур учрашувлари якунларига бағишланган семинар ташкил қилинди. Унда ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ҳакамлар, назоратчилар, шунингдек ОAВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Ҳакам ва инспекторлар семинар давомида ўтган турлардаги ҳакамларнинг хатти-ҳаракатлари видеоматериаллар асосида таҳлил қилдилар.

Йўл қўйилган баъзи хатолар кўрсатиб ўтилди, камчиликларни қандай бартараф этиш, кейинги ўйинларда бу хатоларни такрорламаслик учун нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди.

ОAВ вакиллари ҳам тур доирасидаги ҳакамлик, турли баҳсли вазиятлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Шунингдек, ҳакамликнинг барча жабҳаларини ўз ичига олган амалий машғулотлар ўтказилди. Унда ўйиндан ташқари ҳолат, жарима майдони ичидаги қоида бузилишлари, тўқнашувлардан сўнг қабул қилинадиган қарорлар, тўпни қўл билан ўйнаш ва ўйинда рўй берадиган яна кўплаб ҳолатлар бўйича ишланди.

Бу каби семинарлар ва амалий машқлар мавсум давомида ўтказиб борилади.