Free ebooks Library zlibrary project

Футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркманистонда ўтадиган Осиё чемпионати-2020га тайёргарлик жараёнини давом эттирмоқда.

Айни пайтда қитъа чемпионати олдидан якуний ўқув-машғулот йиғинлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Терма жамоамиз устози Баҳодир Аҳмедов ЎФА расмий сайтига мусобақага тайёргарлик жараёни хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Йиғин режа асосида ўтмоқда, барча футзалчилар яхши ҳолатда. Фақат айрим ўйинчиларимизда кичик микрожароҳатлар мавжуд. Шу сабабдан шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу ўйинчиларга бироз тикланиш учун имконият тақдим этамиз. Улар Озарбайжонга боришмайди ва Боку йиғинидан кейин яна сафимизга қўшилишади.

Жамоамизда ички муҳит аъло даражада. Аслида жамоамиз ўзагини асосан ёш йигитлар ташкил қилади. Лекин бу галги йиғинга ёши каттароқ ўйинчиларни ҳам жалб этдик. Зеро ёшларнинг катта тажрибали ўйинчилардан ўрганадиган жиҳатлари бор.

 

 

Айни пайтдаги асосий вазифамиз – якуний таркибни аниқлаш ва ўз ўйинимизни имкон қадар тезроқ “топиб олиш”дан иборат. Айтиб ўтганимдек, таркибда ёшлар кўп, шу сабабдан уларга ўз ўйин фалсафамизни имкон қадар тезроқ сингдиришимиз лозим.

Режалар хусусида гап кетганда, мусобақа старт олишига анча оз вақт қолганини айта оламан. Ушбу вақтдан эса самарали фойдаланишимиз шарт. Тошкентдаги йиғиндан сўнг Озарбайжонга йўл оламиз ва ушбу юрт терма жамоаси билан 2 та ўйин ўтказамиз. Сўнгра Тошкентга қайтгач, йигитларга 2 кунлик дам берамиз ва кейин яна йиғинга киришамиз. Шунингдек, биз Қирғизистон терма жамоаси билан ҳам ўйин ўтказиш бўйича келишувга эришдик. Туркманистонга етиб боргач эса Вьетнам билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказмоқчимиз. Шу сабабдан бўшашишга асло имкон йўқ. Қитъа чемпионатида яхши натижа қайд этиш учун ҳаракат қилишда давом этамиз, – деди мутахассис.