Тошкентда клублар салоҳиятини ошириш мавзусида ФИФА семинари бўлиб ўтди

  • Терма жамоалар
  • 03-12-2019
  • 357

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Осиё футбол конфедерацияси ва ФИФА билан алоқалари янада ривожланиб, тобора янги босқичга кўтарилиб бормоқда.

Натижада жаҳоннинг тажрибали мутахассислари томонидан юртимиздаги футбол соҳаси вакилларининг малака ва маҳоратини ошириш бўйича қатор семинар ва учрашувлар мунтазам равишда ташкил этилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 2 ва 3 декабрь кунлари ЎФА биносида Клублар салоҳиятини ошириш мавзусида ФИФА семинари бўлиб ўтди. Суперлига клублари раҳбарлари, молия ва маркетинг, мухлислар билан ишлаш бўлимлари вакиллари, шунингдек, ҳудудий футбол академиялари директорлари ҳамда ҳудудий футбол ассоциациялари вице-президентлари иштирок этган семинар давомида маҳаллий мутахассислар ФИФАнинг тажрибали консултантлари маърузаларини тинглаб, ўз соҳаларидаги сўнгги инновация ва янгиликлардан бохабар бўлиш имкониятига эга бўлишди.

ФИФАнинг ҳудудий ривожланиш масалалари бўйича менежери Эссам Ал-Суҳибани, ҳудудий ривожланиш масалалари бўйича лойиҳалар координатори Андрей Вашкевич, ФИФА консултантлари – Бенжамин Тан, Чарли Бошамп каби маърузачилар замонавий футбол тузилмалари, клублар, уларнинг фаолиятини тўғри ташкил этишда эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатлар, клубларда фаолият олиб борувчи кадрларнинг кўникма ва маҳоратини ошириш, катта даражадаги футбол учрашувларини ўтказиш, медиа-маркетинг соҳаларининг фаоллигини таъминлаш, айниқса ҳомийлар ва мухлислар билан ишлаш, стадионларга имкон қадар кўпроқ мухлис жалб этишдаги нозик жиҳатлар ҳамда жаҳон миқиёсида муваффақиятга эришган етакчи футбол клублари тажрибалари бўйича ўз билим ва маҳоратларини ўртоқлашишди.

Қизиқарли суҳбат ҳамда очиқ мулоқот тарзида кечган семинар давомида жаҳон тажрибасини татбиқ этишда маҳаллий шарт-шароит ва мавжуд ресурслардан унумли фойдаланган ҳолда юқори натижаларга эришиш, мухлислар ҳаётига янада чуқурроқ кириб бориш, уларнинг клубга дахлдорлигини ва клуб фаолиятида кўпроқ иштирок этишини таъминлаш бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди. Клубларимизнинг ўз брендини яратишда маркетинг соҳаси вакилларининг фаоллигини янада ошириш, имкон қадар мухлисларга кўпроқ маъқул бўладиган лойиҳа ва дастурларни ташкил этиш муҳим экани бўйича тавсиялар берилди.

Самарали тарзда ўтган семинар якунларига кўра иштирокчилар янги билим ва кўникмаларидан келаси мавсумда кенг фойдаланишларини билдиришди. 










Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan