Баҳодир Аҳмедов: Олдинда бизни Непал ҳамда Тожикистон билан ҳам масъулиятли ўйинлар кутмоқда

  • Терма жамоалар
  • 23-10-2019
  • 566

Эроннинг Урмия шаҳрида футзал бўйича Осиё чемпионати-2020нинг саралаш баҳслари старт олди.


Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки учрашувини Афғонистонга қарши ўтказди ва шиддатли тарзда кечган ўйинда 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида терма жамоамиз бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов қуйидагича фикр билдириб ўтди:


- Афғонистон терма жамоасига кўрсатган мазмунли ўйини учун миннатдорчилик билдираман. Бугунги баҳс чиндан ҳам шиддатли ва муросасиз кўриниш олди. Лекин бизнинг жамоамиз ҳам ўз ўйинини намойиш этишга уринди. Баъзи вазиятларда хатоларга ҳам йўл қўйдик. Айнан шу хатоларни кейинги учрашувларда такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Олдинда бизни Непал ҳамда Тожикистон терма жамоаларига қарши масъулиятли ўйинлар кутмоқда. Биз ҳар бир учрашувга жиддий ёндошамиз ва ҳар бир рақиб билан ўйинни ўз фойдамизга ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Зеро мақсадимиз – саралаш баҳсларини муваффақиятли ўтказиш ва якунда Осиё чемпионати финал босқичига йўл олиш. Демак кейинги 2 та ўйинда ҳам бор куч ва маҳоратимизни ишга солишимиз талаб этилади, - дея таъкидлади тажрибали мураббий. 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan