14 ёшгача болалар ўртасида “Маҳаллага маҳалла” турнири: Турнир ким томонидан, қандай ва нима учун ўтказилди?

  • ЎФА
  • 24-09-2019
  • 509
Биз Яшнобод туманидаги маҳаллалардан биридаги оддий маҳалла стадионига келдик. Футбол майкаларидаги бир нечта болакайлар дарвоза олдида машғулот ўтказаётган эдилар. Худди катта футболчилардек бир-бирлари билан баҳслашиб, рақибларини қандай қилиб мағлуб этиш ҳақида тортишишаётган эдилар. Бу болакайлар эса, Coca-Cola кўмаги билан Тошкентда ўтказилаётган катта турнир иштирокчилари экан.

Бироздан кейин ушбу майдонга иккинчи жамоа, ундан кейин эса ҳақиқий футбол ҳакамлари ва жамоалар мураббийлари кириб келишади. Ёш футболчилар бир-бирини олқишлаш учун майдонга саф тортишади. Ҳакам ҳуштаги янграгандан кейин баҳс бошланади. Ўртага финал босқичи йўлланмаси, шунингдек турнир бош совринини қўлга киритиш имконияти тикилган. Аммо, футболчилар ҳар бир босқичда шундай иштиёқ билан ўйнашдики, улар соврин учун эмас, катта футболга янада яқинроқ келиш учун ўйнашгандек.

-  Футбол тўгарагига мени биринчи марта онам биринчи синфда пайтимда олиб келганлар. Шундан буён доимий равишда шуғулланиб келаман ва бир кун жаҳон чемпионатида миллий терма жамоа сафида ўйнашни истайман, - дейди Яшнобод туманидаги маҳаллалардан бири таркибида ўйнаётган 14 яшар Бекзод Аҳмедов. Ишонмаслигингиз мумкин, аммо менга футболда машғулотлар жараёни ёқади. Мураббийнинг техника, тактика ва турли усуллар ҳақидаги кўрсатмалари ва улардан майдонда фойдаланиш жуда ёқади. Асосан, мактабдаги майдонда, кўпроқ эса маҳалламиз стадионида шуғулланамиз. Жамоа сафида ўйнаш жуда ёқимли. Асосийси, футболчилар билан майдонда нималар қилиш ҳақида келишиб оламиз ва майдонда шуни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

Бундай суҳбат кўча футболига бошқача назар солишга ундайди. Бу футбол – жиддий, содда ва беғуборлиги билан сизни сеҳрлайди. Муҳлислари, қоидалари ва миссияси билан бошқачадир. Айнан мана шу стадионларда, чекка туманлардаги маҳаллалар ва мактаблардаги стадионларда футболни бирлаштирувчи ва болакайларнинг орзуларини рўёбга чиқарувчи сеҳр бордек.

Coca-Cola, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ҳамда Профессионал Футбол Лигаси томонидан “Маҳалла” ҳайрия жамғармаси кўмагида ўтказилаётган ушбу турнирда 14-15 ёшгача бўлган жами 4500 нафар болалар қатнашмоқда.

Турнирнинг саралаш босқичида Тошкентнинг 11та туманидан жами 508та маҳалла жамоаси иштирок этди.

Финал босқичи 29 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасига қарашли майдонда ўтказилади.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan