Ўзбекистон футбол ассоциацияси Осиё футбол конфедерациясига ишонч учун миннатдорчилик билдиради

  • ОФК
  • 18-09-2019
  • 608

Хабарингиз бор, Осиё футбол конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа куни кеча мамлакатимизга ташриф буюрди. Мазкур ташриф давомида қитъа футбол уюшмаси раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди.

Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Осиё футбол конфедерацияси Ўзбекистон билан кенг кўламли шерикликни ривожлантиришда қатъий экани ҳамда амалий ҳамкорликка қаратилган янги дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади.

ОФК ва ЎФА ўзаро дўстона муносабатларининг дастлабки босқичларида 4 йиллик қисқа муддатли ва 8 йиллик узоқ муддатли ҳамкорлик стратегияси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган бўлиб, бу режа босқичма-боқич тизимли ривожланишни назарда тутади.

Осиё футбол конфедерациясининг U-19 Осиё чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топшириши эса ўзаро ишончли муносабатларнинг натижаси, деб баҳолаш мумкин.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мана шундай ишонч учун Осиё футбол конфедерациясига миннатдорчилик билдиради. Шубхасиз, ушбу йирик мусобақа ўзбек футболи нуфузининг янада ортиши, футбол инфратузилмасининг яхшиланиши ва мухлисларнинг футболга бўлган қизиқишини янада ортишига хизмат қилади. 

Ўз навбатида ЎФА 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини юқори савияда ташкил этиш учун бор имкониятни сафарбар этади.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan