Азамат Абдураимов: Гуруҳимиз чиндан ҳам анча мураккаб

  • Терма жамоалар
  • 17-09-2019
  • 619

Эртадан Тошкентда U-16 Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳслари старт олади. 

Пойтахтимиз мезбонлик қиладиган саралашнинг “B” гуруҳида Ҳиндистон, Ўзбекистон, Баҳрайн ва Туркманистон ўсмирлар терма жамоаси йўлланма учун баҳс олиб боришади.

Ўзбекистон U-16 терма жамоаси илк учрашувини 18 сентябрь куни соат 16:00да “Жар” стадионида Баҳрайнга қарши ўтказади.

Бугун саралаш баҳслари олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Азамат Абдураимов қуйидагича фикр билдирди:





- Ҳиндистон, Баҳрайн ва Туркманистон терма жамоаларини юртимизда кўриб турганимдан мамнунман. Гуруҳимиз чиндан ҳам анча мураккаб. Баъзи мухлислар бизни осон гуруҳдан ўрин олди, деб ўйлашмоқда. Лекин 15-16 ёшли болалар футболи  билан катталар футболи ўртасида тафовут мавжуд. Биз гуруҳдаги барча жамоаларни ҳурмат қиламиз. Олдимизга гуруҳда 1-ўринни эгаллаш ва Осиё чемпионатига йўл олиш вазифаси қўйилган. Ҳар бир иштирокчи жамоага омад тилайман ва саралаш баҳслари турли жароҳатларсиз ўтишини тилаб қоламан.

Саралаш баҳсларининг Тошкентда ўтказилишининг ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Уйда деворлар ҳам ёрдам беради. Биз охирги йиғинни ўзимизда ўтказдик ва БААлик тенгқурларимизга қарши ўйнадик. Биз кўраётган асосий минус жиҳат – бу таркибдаги болаларнинг ёши. Улар энди 15-16 ёш ва уларда ҳали катта ўйинлар тажрибаси йўқ. Ота-оналар ва яқинларнинг ташрифи улар учун ҳаяжонга сабаб бўлиши мумкин. Улар мана шу босим ва ҳаяжонни енггиши талаб этилади. Биз мураббийлар штаби айнан шу босим ва ҳаяжон бўлмаслиги учун ҳаракат қиламиз. Умид қиламанки, йигитлар ўзларининг энг яхши ўйинини намойиш этишади, - деди мутахассис.  


Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan