Осиё футбол конфедерацияси делегацияси Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти билан учрашди

  • ОФК
  • 16-09-2019
  • 388

Осиё футбол конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа Ўзбекистон футбол ассоциациясига ташриф буюрди.

Мартабали меҳмонни Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти Абдусалом Азизов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов кутиб олишди.


Дастлаб, ЎФА қошидаги майдонда ёш футболчилар билан учрашув бўлиб ўтди ва уларга меҳмонлар томонидан футбол тўплари совға тариқасида тақдим этилди. Шундан сўнг ОФК ва ЎФА раҳбариятининг ўзаро мулоқоти бўлиб ўтди.

 

Дастлаб, ЎФА Президенти Абдусалом Азизов сўзга чиқиб, меҳмонларнинг юртимизга ташрифидан мамнун эканлигини билдирди.


“Жаноб, Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Сизни гўзал диёримизда кўриб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Энг аввало сизга Осиё футболи ривожи йўлида амалга ошираётган муваффақиятли фаолиятингиз учун миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунга келиб ОФК дунёнинг энг катта ва салмоқли спорт ташкилотларидан бирига айланган. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ОФКнинг ҳар қандай ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди ва ҳамкорлик қилиш истагини билдиради.

Ўзбекистонда футболни жуда яхши кўришади. Ана шу мухлислар учун ҳам биз футболимизни янги босқичга олиб чиқишимиз, ғалабаларни қайтаришимиз керак.

Бундан ташқари, мамлакатимиз Осиё футболидаги йирик турнирларни ҳам қабул қилиш учун ҳаракатларни бошлаб юборган. Биз 2020 йилдаги ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва 2022 йилги аёллар ўртасидаги Осиё кубоги мезбонлигига ўз номзодимизни қўйганмиз. Агар мусобақалар бизга ишониб топширилса, уларни энг юқори савияда ўтказиш учун бор салоҳиятимизни ишга соламиз”, дея таъкидлади Абдусалом Азизов.

 

Ўз навбатида Шайх Салмон ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик Осиё футбол конфедерацияси учун қанчалик муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди:

 

“Бизга кўрсатилаётган эътибор учун сизга ва меҳмондўст ўзбек халқига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. ОФК Ўзбекистонни ўзининг энг ишончли ҳамкорларидан бири деб билади. Юртингизда футболга Давлат раҳбарияти даражасида эътибор қаратилиши ва ўзбек халқи футболни қанчалик яхши кўришини биз жуда яхши биламиз ва бундан хурсандмиз. Бундай мамлакатлар Осиё қитъасида футболнинг оммалашиши ва ривожланишида катта ўрин тутишади. Мен гўзал юртингизга тўртинчи бор ташриф буюрдим. Ҳар сафар ушбу мамлакатнинг салоҳияти ва футболдаги имкониятлари қанчалик юқори эканлигини ўзим учун қайд этиб ўтаман. Бу сафарги ташрифим алоҳида аҳамият касб этади. Биринчи навбатда сиз билан танишиш имконияти пайдо бўлди. Кўриб турибманки, бу ерда хақиқий профессионаллар ва ўз ишининг фидоийлари йиғилган. Менинг таклифим муносабатларни янги саҳифадан очишдан иборат ва мулоқотимизни самимий, дўстона ва тўлиқ ишонч асосда йўлга қўйишдан иборат. Чунки айнан дўстлик ва ишонч ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муваффақият калити ҳисобланади. Ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги ва аёллар ўртасидаги Осиё кубоги бўйича тез фурсат ичида ОФК делегациясини юборамиз ва ўз тавсияларимизни берамиз. Биз шунингдек Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятидан конфедерациямизда ҳам фойдаланиш ниятидамиз. Шу сабабли ҳам сизнинг тавсиянгизга асосланган ҳолда ўзбекистонлик мутахассисларни турли қўмита аъзолигига бажонидил қабул қилишга тайёрмиз. Осиё футболининг энг таниқли шахсларидан бири Равшан Эрматов ушбу жамоа аъзоси эканлиги бизни алоҳида қувонтирмоқда. Эрматовнинг тажрибаси нафақат ўзбек футболига, балки Осиё футболига жуда керак. У жаҳон футболида бизнинг қитъамиз юзи ҳисобланади ва Осиё футболининг ҳалол ўйин борасидаги элчиси деб бемалол айта оламан. Ижозатингиз билан ОФК ва ЎФА ўртасидаги бевосита мулоқотни йўлга қўйсак ва футбол ривожи йўлида бамаслаҳат иш тутсак. Менинг ташрифимдан асосий мақсад ҳам шу”, дея таъкидлади Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа.

 

ЎФА томонидан режалаштирилаётган терма жамоалар учун база бўлиши мулжалланаётган футбол маркази лойиҳаси ҳақида аввал хабар берган эдик. Учрашув давомида ОФК Президентига ушбу лойиҳа намойиш этилди. Шайх Салмон лойиҳага юқори баҳо берди ва ФИФАнинг футболни ривожлантириш қўмитаси масъулларидан бири сифатида ушбу ташкилотни ҳам лойиҳани қўллаб-қувватлашга чақиришини айтиб ўтди.

 

Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик доирасида яна кўплаб долзарб масалаларни мухокама қилдилар ҳамда юртимиз ва қитъа футболи манфаатларига хизмат қилишга қаратилган келишувларга эришдилар.

 

Учрашув сўнгида Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа ҳамда Абдусалом Азизов эсдалик нишонлари билан алмашишди ва илиқ, дўстона мулоқот учун ўзаро миннатдорчилик билдириб ўтишди.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan