"Media Uz — футбол ҳафталиги" юзасидан матбуот анжумани ва қуръа ташлаш маросими ўтказилди

  • ЎФА
  • 23-08-2019
  • 334

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Агентлик ҳамда Футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ОАВ ва матбаа корхоналари ходимлари учун ташкил этилган "Media Uz — футбол ҳафталиги" юзасидан матбуот анжумани ва қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон футбол асоциацияси мутасаддилари, иштирокчи жамоалар вакиллари ва журналистлар қатнашди.

Агентлик директори Комил Алламжонов мусобақа ва ундан кўзланаётган мақсадлар ҳақида сўзлади.

"Журналист ва блогерлар ахборот орқали, ноширлар китоб орқали жамиятда соғлом фикрни шакллантиришда ўзаро ижобий рақобат қиладилар. Уларнинг нафақат информацион майдонда, балки спорт майдонида бир-бири билан куч синашиши барча учун қизиқ бўлса керак.

Ушбу мусобақа иштирокчилар учун ҳақиқий футбол байрами бўлиши лозим. Мақсадимиз — ахборот ва маърифат тарқатувчилар ўртасида ҳамжиҳатлик, дўстона мулоқот ўрнатилиши учун имкон яратиш", — деди Агентлик раҳбари.

Тадбирда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам сўз олди ва журналистларни футбол байрами билан самимий қутлади.

"Очиғи, ижодкорларнинг футбол мусобақасига бу қадар жиддий қизиқиш билдиришини кутмаган эдим. Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур мусобақанинг юқори савияда ўтиши учун барча ишни амалга оширади. Шартлар ва тартиб-қоидалар иштирокчилар учун қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратдик. Ўйлаймайки, мусобақа барчага манзур бўлади", — деди Эрматов.

Матбуот анжуманида мусобақа ғолиблари учун берилаётган мукофотлар миқдори ҳам эълон қилинди. Унга кўра, турнирда биринчи ўринни қўлга киритган жамоа — 36 миллион сўмга эга бўлади. Иккинчи ўрин эгасига — 24 миллион, учинчи ўринни қўлга киритган жамоага эса — 12 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, "Энг яхши футболчи", "Энг яхши дарвозабон", "Энг яхши тўпурар" каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, рағбатлантирилади.

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мусобақага қуръа ташлаш маросими ўтказилди ва уни ЎФА масъул ходимлари, таниқли шарҳовчилар Даврон Файзиев ҳамда Диёр Имомхўжаев олиб боришди. Маросимни Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева бошлаб берди. Шунингдек, Агентлик раҳбари Комил Алламжонов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ аъзоси, ЎФА бўлим бошлиғи Азизбек Ҳайдаров жамоаларни гуруҳларга ажратиб берди.

Биринчи ўйин бугун, 23 август куни соат 19:30 да "Текстил" стадионида бўлиб ўтади. 






Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan