Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида “Чарм тўп” маҳаллалараро футбол турнирининг ўтказилиши юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

  • ЎФА
  • 01-08-2019
  • 566

Мамлакатимизда спортга, ҳусусан футболга жуда катта эътибор қаратиляпти. Нафақат профессионал, балки, ҳаваскор даражада футбол билан шуғулланиш учун ҳам шароитлар яратиляпти.

 

Ўзбекистон фуқаролари футболни қанчалик яхши кўришларини билиш учун ҳар қайси маҳаллага ташриф буюриш кифоя. Махсус майдончаларда албатта тўп тепаётганларни учратасиз. Бу эса ўз навбатида аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этишда катта аҳамият касб этади.

 

Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорликда маҳаллалараро “Чарм тўп” турнирини бу йил юқори савияда ўтказишга катта эътибор қаратмоқда.

 

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев бошчилигида ўтказилган йиғилишда ҳам айнан шу масала муҳокама қилинди. Йиғилишда Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Спорт вазирининг Биринчи ўринбосари Ойбек Қосимов, ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, вазирликнинг бошқарма бошлиқлари, ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари, ЎФАнинг тегишли департаментлари раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Дастлаб “Чарм тўп” турнирининг биринчи босқичи бўйича бошқармаларнинг ҳисоботи тингланди. Шундан сўнг вилоят босқичлари ва якуний республика босқичини юқори савияда ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Энг муҳим масала бу иштирокчилар учун барча шароитларни яратиб бериш. Бу борада вилоятларда маҳсус ишчи гуруҳлар ташкил этилади ва бевосита мусобақадаги иштирокидан тортиб, жойлашиш шароитларигача назорат қилиб борилади. Якуний республика босқичида ҳам жамоаларнинг сафар ҳаражатлари тўлиқ қопланади. Улар учун барча қулайликлар тақдим этилади. Жойлардаги турнирлар ва финал босқичи нафақат футболчилар, балки уларнинг яқинлари, маҳалла вакиллари, футбол мухлислари учун байрамона руҳда ўтказилади.

 

Ҳал қилувчи финал эса пойтахтимизнинг асосий стадионларидан бирида, катта гала концерт ва сайл билан бирга бўлиб ўтади. Гарчи “Чарм тўп” иштирокчилари ҳаваскорлар бўлсада, улар профессионал даражадаги, жаҳон стандартларига жавоб берувчи катта бир турнирга эга бўлишмоқда.

 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси бунга аксарият бошқармаларини жалб қилиб, ҳакамлар, инспекторлар билан таъминлаш, медиа йўналишида қўллаб қувватлаш, футбол мутасаддилари, мутахассислари ва таниқли шахсларини жалб қилиш, ўйин майдонлари, стадионлар билан таъминлаш ва яна кўплаб ташкилий ишларни амалга оширади.

Мусобақа жараёнлари ва натижалари юртимиз бўйлаб ОАВ орқали кенг ёритиб борилади.

 

Буларнинг барчасидан асосий мақсад футболга қизиқувчи инсонлар учун катта бир байрам ташкил этиш орқали ҳаваскор ва профессионал спорт ўртасида тўсиқларни олиб ташлаб, ҳар бир фуқарони юртимиз спортига яқинроқ бўлишига шароит яратиб беришдир.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan