Азамат Абдураимов: Марказий Осиё футбол ассоциацияси чемпионати юқори даражада ўтишига аминман

  • Терма жамоалар
  • 26-07-2019
  • 664

26 июль – 1 август кунлари Тожикистонда Марказий Осиё футбол ассоциацияси томонидан ўтказиладиган “CAFA U-16 championship-2019” мусобақаси бўлиб ўтади.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон, Туркманистон, Афғонистон ва Қирғизистоннинг ўсмирлар терма жамоалари иштирок этишади.

Бугун Ўзбекистон U-16 терма жамоаси илк ўйинни соат 20:30да тожикистонлик тенгқурларига қарши Душанбедаги “Марказий стадион”да ўтказади.

Мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида терма жамоамиз устози Азамат Абдураимов қуйидагича фикр билдирди:

- Тожикистонда ўтадиган CAFA чемпионати бизнинг терма жамоамиз учун жорий йил ҳисобидан илк халқаро мусобақа бўлади. Яқиндагина тожикистонлик тенгқурларимизга қарши Хўжандда 2 та ўртоқлик ўйини ташкил этган эдик. Ушбу ўйинлар биз учун анча фойдали бўлганини таъкидлай оламан. Ўша ўйинлар билан солиштирганда ҳозирда таркибимизда 6-7 та ўзгариш мавжуд. Марказий Осиё футбол ассоциацияси чемпионати юқори даражада ўтишига аминман. Барча рақиблар муносиб даражада. Ҳар бир ўйинга жиддий ҳозирлик олиб боришга уринамиз. Биринчи рақибимиз – Тожикистон терма жамоаси бўлади. Учрашув қийин бўлиши тайин, лекин биз фақат ғалаба учун ҳаракат қиламиз, - деди мутахассис.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan