Болалар футболи хабарлари: Навоий ва Шохимардонда мусобақалар бўлиб ўтди

  • ЎФА
  • 23-07-2019
  • 475

Фарғона вилоятининг энг чекка ва тоғли ҳудудларидан бири – Шохимардонда 20-21 июль кунлари маҳаллалар ўртасида “Ёзги таътил” футбол мусобақаси ўтказилди. Ушбу мусобақани ўтказишдан мақсад энг аввало тоғли ҳудудларда яшовчи болаларни футболга жалб этиш, улар ўртасида мусобақа ўтказиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёзги таътил кунлари ўқувчи-ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўмаклашишдан иборат. Ташкил этилган мусобақада Шохимардон ва Ёрдон маҳаллаларида истиқомат қилувчи 50 нафарга яқин болалар иштирок этдилар.

Футбол ассоциацияси, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу блиц турнирда муносиб иштирок этган болаларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тақдим этилган совғалар, кубок ва дипломлар топширилди.

Айни кунларда Республикамизнинг барча вилоятларида болалар оромгоҳлари дам олувчилари ўртасида "Ёз ўтмоқда соз" мини футбол фестивали ҳам ўтказилмоқда. Навоий вилоятининг "Офтобжон" болалар оромгоҳида ҳам ана шундай тадбир бўлиб ўтди. 22 июль куни кун давомида оромгоҳнинг учта гуруҳида дам олувчилар мини футбол бўйича мусобақаларга киришдилар. Кечга бориб мусобақаларнинг финал ўйинлари ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

Сўлим оромгоҳнинг стадионда бошланган мини футбол мусобақалари катта спорт байрамига айланиб кетди. Ғолиб жамоаларга Ўзбекистон футбол ассоциациясининг кубок, диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.


Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan