ЎФА раҳбарияти ОАВ вакиллари билан самимий руҳда очиқ мулоқот ўтказди

  • Медиа хабарлар
  • 29-06-2019
  • 709

Кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг кейинги иш режалари билан ўртоқлашиш, қолаверса, ЎФА раҳбарияти билан интервью уюштириш бўйича келиб тушаётган кўплаб сўровларни инобатга олган ҳолда бугун ЎФА мажлислар залида очиқ мулоқот тарзида матбуот анжумани ташкил этилди.



Унда юртимизда фаолият олиб бораётган бир қатор газета, сайт ва телевидение вакиллари, блогерлар ҳамда устоз журналистлар иштирок этишди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган матбуот анжумани аввалида Равшан Эрматов куни кеча касб байрамини нишонлаган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини ЎФА номидан табриклади ва уларнинг ўзбек футболи жонкуярлари эканини қайд этиб, футбол оиласининг энг муҳим вакилларидан саналадиган журналистларнинг фикр ва мулоҳазаларини эшитишга, уларнинг таклифлари ва мурожаатларини тинглашга доимо тайёр эканини билдирди.

Савол-жавобларга ўтиш олдидан Равшан Эрматов ЎФА томонидан эндиликда жиддий эътибор қаратиладиган мавзуларга алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, футболда адолат ўрнатиш, келишилган ўйинлар ва тотализаторларга қарши кураш, ўзбек футболи тарихи ва фахрийларга эътиборни ошириш, мухлислик маданиятни ривожлантириш ва мухлислар кенгашини ташкил этиш, маҳоратли ва тажрибали мутахассислардан иборат мураббийлар кенгашини тузиш, болалар футболидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш, терма жамоалар ҳамда ички чемпионатга бўлган эътиборни кучайтириш, холис ва профессионал ҳакамликни таъминлаш, футзал ва аёллар футболи савиясини ошириш, шу билан биргаликда ОФК ҳамда ФИФА каби ташкилотлар билан алоқаларни янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш эндиликда ЎФА учун устувор вазифалар саналиши маълум қилинди.  



Очиқ мулоқот давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган турли мавзулар юзасидан савол ҳамда таклифлар билан мурожаат қилишди.  ЎФА вакиллари ҳам саволларга самимий руҳда жавоб бериб, билдирилган таклифлар таҳлил этилган ҳолда албатта инобатга олинишини билдиришди.

Ўзбек футболи манфаатига хизмат қиладиган ҳар қандай мурожаатлар доим ЎФА томонидан албатта ўрганиб чиқилиши таъминланади. 










Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan