Равшан Эрматов ОФК вакилларини қабул қилди

  • ОФК
  • 25-06-2019
  • 861

Осиё футбол конфедерацияси Аъзо мамлакатлар футбол ассоциацияларини ривожлантириш бошқармаси мутахассиси Нурайим Алимкулова ҳамда ОФК консултанти Элнур Маммадов Ўзбекистон футбол ассоциациясига ташриф буюришди.

Қитъамиз футбол конфедерацияси мунтазам равишда миллий ассоциацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ҳар жиҳатдан ривожланишини таъминлаш бўйича турли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириб боради. Равшан Эрматов ОФК вакиллари билан учрашди ва ассоциация фаолиятини янада самарали йўлга қўйилишини таъминлашга ёрдам берувчи лойиҳалар билан яқиндан танишди. Нурайим Алимкулова ва Элнур Маммадов Ўзбекистон футбол ассоциациясининг барча йўналишлар бўйича иш фаолиятини янада яхшилаш, ҳар бир бошқарма иш кўламини чуқур таҳлил этиш орқали илғор ассоциациялар тажрибаларини татбиқ этишда Осиё футбол конфедерацияси томонидан бевосита кўмак кўрсатилишини билдиришди.

Равшан Эрматов ҳам ЎФА ва ОФК ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиши,  ўртадаги ўзаро ишончнинг янги босқичга олиб чиқилиши, қитъа футбол конфедерацияси томонидан амалга ошириладиган турли ташаббус ва лойиҳаларда Ўзбекистон вакилларининг ҳам мунтазам иштирок этиб бориши миллий футболимиз равнақига хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Учрашув давомида ОФК вакиллари шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг барча бошқармаларида фаолият олиб бораётган мутахассислар иш фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan