Равшан Эрматов: "Ягона мақсад йўлида футболга хизмат қилсак, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтамиз"

  • ЎФА
  • 14-06-2019
  • 1193
 
Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Мазкур йиғилишда Равшан Эрматов ЎФА вице-президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб сайланди. Равшан Сайфиддинович йиғилишда сўзга чиқар экан,барчамиз бир мақсад йўлида футболга хизмат қилсак, барча қийинчиликларни енгиб ўтишимиз мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди.
 
"Юксак ишонч учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ва сизларга катта миннатдорчилигимни билдираман. Қолаверса турли йилларда футболимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган, футболимиз раҳбарлари ва мутахассисларига футбол жамоатчилиги ва ўз номимдан катта раҳмат айтаман. 
 
Очиғи бу ерда туришдан кўра футбол майдонида туриш қулайроқдек туюлмоқда. Лекин футболимиз олдида турган оғир, жиддий ва масъулиятли вазифаларни билиб туриб, бир чеккада томошабин бўлиб туриш, она ватанимни севишим, футболни яхши кўришим ва виждонимга асло тўғри келмайди.
 
Албатта футбол бу жамоавий ўйин. Агарда барчамиз бирлашиб, аҳил бўлиб, фахрийларимиз дуосини олиб, мутахассисларимиз, мухлисларимиз, ҳаммамиз ҳалоллик билан адолат билан ёндошиб, боримизни бериб, ягона мақсад йўлида футболга хизмат қилсак, ишончим комилки ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтамиз. 
Барчангизга яна бир бор раҳмат айтиб қоламан", - деди ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan