Бугун Ўзбекистонда ҳақиқий футбол байрами бўлиб ўтди

  • ЎФА
  • 11-06-2019
  • 515
Бугун мамлакатимиз бўйлаб ҳақиқий футбол байрами бўлиб ўтди. Миллий терма жамоа мухлислар билан тўлган "Миллий" стадионда Сурия терма жамоасини "ер тишлатди". Ёдингизда бўлса, Эктор Купер миллий терма жамоамизга бош мураббий этиб тайинлангач, дастлабки ўртоқлик ўйинини айнан Сурия терма жамоасига қарши ўтказиб, 1:1 ҳисобида дурангга эришганди. Бугун ғалаба қозонилди. Энг муҳими дарвозамиз дахлсизлиги сақлаб қолинди. Купер биринчи навбатда ҳимояда тартиб ўрнатишга асосий эътиборни қаратаман, деганди. Ўтказилган ўртоқлик ўйинлари ҳимояда тартиб юзага келаётганини кўрсатмоқда. Тўғри, ҳали хатолар, камчиликлар бор. Лекин энг муҳими Купер жамоани энди қабул қилиб олган пайтга солиштирадиган бўлсак, терма жамоамизда анча ўсиш рўй берганини гувоҳи бўлишимиз мумкин. Буни бугун "Миллий" стадионига ташриф буюрган 32 минг нафардан ортиқ мухлислар ҳам пайқашди. Дарвоқе, мухлислар ҳақида. Бугун улар чин маънода 12-ўйинчи бўлишди. Қўлга киритилган ғалабада, шубҳасиз, уларнинг ҳам ҳиссаси катта.

Купер ҳақиқий профессионал, атрофдагилардан ҳам профессионалликни талаб қилади. Унинг талабига мувофиқ барча ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб келинмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқаро алоқалар департаменти томонидан кўплаб терма жамоалар билан музокаралар ўтказилиб, терма жамоаларимиз учун спарринг рақиблар бўйича келишувга эришилмоқда.

Жумладан, март ва июнь ойларида Уругвай, Туркия каби кучли терма жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинди. Июнь ойидаги ФИФА кунларида учта ўртоқлик ўйини ўтказилди. Туркия, КХДР ва Сурияга қарши. Бу ўйинлар сентябрда бошланадиган Жаҳон чемпионати учрашувларидан олдин миллий терма жамоамиз мураббийлари штаби учун жуда фойдали бўлди, деб бемалол айта оламиз. Купер мазкур ўртоқлик ўйинларида таркибга жалб қилинган деярли барча футболчини синаб кўрди. Ўзига яраша хулосалар қилиб олди. Қувонарлиси, ҳар бир чизиқ учун бир неча номзод футболчи бор. Терма жамоа биргина футболчига боғланиб қолаётгани йўқ. Бунинг устига, июнь ойидаги ўртоқлик ўйинларида таркибдаги барча ҳужумчилар гол киритишганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бу эса энг оғриқли нуқтамиз бўлган ҳужум чизиғидаги муаммолар ҳам аста-секин бартараф этилаётганидан дарак беради.


Миллий терма жамоадан ташқари бугун Олимия терма жамоаси ҳам ўртоқлик ўйини ўтказди. Кучли терма жамоалардан бири бўлган Мисрга қарши. Андижондаги дастлабки ўртоқлик ўйини каби Намангандаги бугунги учрашувда ҳам вакилларимизнинг қўли баланд келди. "Марказий" стадионига ташриф буюрган мухлислар бир зум ҳам тинмай, олимпиячиларимизни қўллаб-қувватлаб туришди. Бунинг учун уларга раҳмат! Олимпия терма жамоамиз ҳам муҳим мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Миср каби кучли рақибга қарши кечган ўртоқлик ўйинлари мураббийларга таркибни шакллантириш учун анча фойдали бўлиши аниқ.


Ўзбекистон футбол ассоциацияси барча ёшдаги терма жамоамиз аъзоларига кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилишда давом этади. 

Эндиликда 17 июль санасини кутамиз. Шу куни сентябрда бошланадиган ЖЧ-2022 2-саралаш босқичидаги рақибларимиз номини билиб оламиз. Умид қилиб қоламизки, расмий учрашувларда терма жамоаларимиз бундан ҳам чиройли ва энг муҳими самарали ўйин намойиш қилишади!
 
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan